Шонли тарихга эга билим юрти
Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти ташкил этилганининг 105 йиллиги муносабати билан тантанали байрам тадбири ўтказилди. Маросимда мазкур ўқув даргоҳида таълим олган генераллар, фахрий офицерлар, меҳнат фахрийлари, Чирчиқ педагогика университети талабалари ва мактаб ўқувчилари иштирок этди.
Дастлаб билим юрти шахсий таркиби майдонда саф тортди. Ўзбекистон Республикаси ва Мудофаа вазирлиги байроқлари тантанали тарзда олиб кирилди. Давлатимиз мадҳияси садолари офицерлар, сержантлар, курсантлар, муддатли ҳарбий хизматчилар ва меҳмонлар томонидан ижро этилди.

Миллий армиямизга ташкилотчилик ва бошқарувчилик кўникмаларига эга бўлган офицерларни тайёрлаётган мазкур маскан ўзининг шонли тарихига эга. Иккинчи жаҳон уруши туфайли 1941 йил Чирчиқ шаҳрига эвакуация қилинган Харков танкчилар билим юрти Тошкент танкчилар билим юрти сифатида ташкил этилиб, уруш йилларида фашизмга қарши курашда матонат кўрсатган етти мингдан ортиқ танкчи офицерни етказиб берди. Улардан 78 нафари қаҳрамонлик унвонига сазовор бўлиб, билим юрти тарихида ўчмас из қолдирди.

1966 йили билим юртига олий таълим муассасаси мақоми берилиб, ўқиш муддати тўрт йилга узайтирилди. 1993 йил 1 апрелдан Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти сифатида фаолият юритиб келаётган олий ҳарбий таълим ўқув даргоҳи кафедраларида олинган назарий машғулотлар дала машқлари майдонида амалиёт синовларидан ўтказилади.
Бу жараёнда курсантлар жанговар ва махсус қўшин ҳаракатлари ўқув машғулотларини десантчилар жанговар машиналари, ўзиюрар артиллерия қурилмалари, танклар, зирҳли транспортёрлар, зенит қуроллари, алоқа ва бошқарувнинг замонавий воситаларини қўллаган ҳолда олиб боради.

Ҳозир билим юртида Қуролли Кучларимиз ва қўшни Тожикистон ва Қирғизистон Республикалари армияси учун танк қўшинлари тактик қўмондонлиги, ҳаво-десант қўшинлари тактик қўмондонлиги, терроризмга қарши кураш бўлинмалари тактик қўмондонлиги, махсус операция кучлари бўлинмалари тактик қўмондонлиги, қўмондон-муҳандислик зенит-ракета қўшинлари тактик қўмондонлиги ҳамда танк қўшинлари тактик муҳандислиги каби мутахассисликлар бўйича офицер кадрлар тайёрланмоқда.

Тадбир Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртида турли йиллар давомида таҳсил олган ҳамда бугунги байрамга меҳмон сифатида таклиф этилган генераллар ва офицерлар иштирокидаги байрамона дастур билан давом этди. Унда бўлғуси офицерларга сабоқ бериш борасида сидқидилдан меҳнат қилаётган, шарафли касбини садоқат билан адо этаётган ҳарбий хизматчилар ва Қуролли Кучлар хизматчилари Мудофаа вазирлиги, Тошкент ҳарбий округи қўмондонлиги ҳамда билим юрти бошлиғи томонидан кўкрак нишонлари, фахрий ёрлиқлар, эсдалик совғалари билан тақдирланди.


Қуролли Кучлар марказий ашула ва рақс ансамблининг хушовоз хонандалари томонидан тақдим этилган дастур тантанага байрамона шукуҳ бағишлади.
А.Мусаев,
ЎзА мухбири