Шон-шараф сенгадир ватан ўғлони!
Фарғона вилоятида ҳам мазкур байрам кенг нишонланмоқда. Эрта тонгда Фарғона шаҳридаги Хотира хиёбони янада гавжум бўлди.
Ҳарбийлик — чин маънода шарафли касб. Бу ўтган қисқа даврда мазкур тизимда амалга оширилган изчил ислоҳотлар, соҳа вакиллари учун яратилаётган беқиёс имконият ва имтиёзлар самарасида кўзга яққол ташланади. Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 28 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан жойларда бўлиб ўтаётган тадбирларда ушбу жиҳатлар алоҳида эътироф этилмоқда.
Фарғона вилоятида ҳам мазкур байрам кенг нишонланмоқда. Эрта тонгда Фарғона шаҳридаги Хотира хиёбони янада гавжум бўлди.
Ҳарбий оркестр садолари остида вилоят ҳокимлиги, Шарқий ҳарбий округи қўшинлари қўмондонлиги ва унга қарашли ҳарбий қисмлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, корхона, ташкилот, бўлим ва бошқармалар раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гулчамбар қўйдилар.
Тадбир иштирокчилари янги ташкил этилган “Ватанпарварлар боғи”да ҳам бўлдилар. Ҳарбий техникалар, жанговар аслаҳалар намунаси акс этган ушбу боғ айниқса, ёшларга ўзгача кайфият бахш этди.
– Мен икки бўлажак юрт посбонларининг онасиман, – дейди Фарғона шаҳрининг Оқариқ маҳалласида истиқомат қилувчи Элзодахон Нурматова. – Бугун ҳарбий либос кийган юрт посбонларини кузатиб менинг ҳам дилбандларим ҳам келгусида улар каби бўлишларини ният қилдим. Бундай тадбирларда ҳар сафар оиламиз билан иштирок этамиз. Тинчлигимиз посбонлари билан фахрланамиз.
Хотира хиёбонидан бошланган ва шаҳар кўчалари бўйлаб саф тортиб ўтган ҳарбийлар, ҳарбий техникалар намойишини юртдошларимиз фахр ифтихор билан кузатиб, олқишлади.
Тантанали маросим Ислом Каримов номидаги вилоят Театр-концерт саройида давом этди. Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 28 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табригини вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев ўқиб эшиттирди.
Давлатимиз раҳбарининг фармони билан ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидан бир гуруҳи мукофотланди. Ватанимизнинг юксак орден ва медаллари билан мукофотланганлар сафида фарғоналикларнинг ҳам борлиги янада қувонарлидир.
Тадбирда уларга давлат мукофотлари тантанали топширилди.
– Бу галги байрам мен учун унутилмас бўлиб қолади. Фаолиятим муҳтарам Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев томонидан юксак давлат мукофотига лойиқ топилгани зиммамдаги масъулиятни янада оширди, – дейди “Жасорат” медали соҳиби, капитан Нурали Бўрибоев. – 10 йиллик фаолиятим давомида биз ҳарбийларга яратилаётган шарт-шароитларга гувоҳ бўлиб турибман. Бу унвонни мен билан бирга фаолият олиб бораётган барча сафдошларимга билдирилган ишонч деб биламан.
Тадбирда Мудофаа вазирининг буйруғи билан бир гуруҳ соҳа вакилларига ҳарбий унвонлар, кўкрак нишонлари топширилди. Вазирлик миқёсида ўтказилган турли кўрик-танлов ғолиблари тақдирланди.
Тадбирда санъат усталари, турли ансамбллар, таниқли хонандалар томонидан ҳарбий-ватанпаварлик руҳидаги қўшиқлар янгради. Дилтортар тароналар барчани рақсга чорлади.