Шоирдан фарзандга сўз мерос қолади
Ўтган асрнинг 70-80 йилларида ўзбек замонавий шеъриятида янги овозлар, ўзгача оҳанга эга мисралар битадиган шоирлар бўй кўрсатган.
Улар орасида Аъзам Ўктам ва Чори Аваз биринчилар қаторида бўлган. Қиз бола отасига меҳрибон бўлади, деган гап бор халқимизда. Қизнинг вояга етиши, жамиятда ўз ўрнига эга бўлишида отанинг ҳиссаси беқиёс.
Афсуски, юқорида исми қайд этилган икки шоирнинг фарзандлари эрта оталик меҳридан маҳрум бўлган. Аммо ҳаёт йўлида шоирнинг фарзанди эканлиги доим ас қотган, руҳан мадад бўлган. ЎзА мухбири шоир Аъзам Ўктам ва Чори Авазнинг қизларидан оталари ҳақидаги хотираларини ёзиб олди.
Тўмарис Аъзам(олима):
– Дадам Аъзам Ўктам тўғрисўз, бировнинг ҳақидан қўрқадиган, меҳнаткаш, адолатли инсон эди. Бизга ҳам доим ана шундай бўлишни уқтирарди. Шеърларида ҳам журъатли, халқпарвар бўлишимизни истарди.
ҚАНОТЛАРИМ
Кўзгинамнинг оқи – Тўмарис
Темур – кўзимнинг қораси
Бири ёвим қирар, бириси қарғар,
Униси лочиним, буниси гулим.
У мағрур боқса, бу жовдираб қарар,
У бирла умр хуш, бу бирла ўлим.
Ёлғиз Оллоҳ эрур қодир, билгичим,
Мудом сидқу тавфиқ тиларим шундан.
Удир тобуткашим, будир йиғичим,
Ундан умид қилиб, қўрқаман бундан.
Дадамни ҳамма ҳар доим сўзи ҳам, амали ҳам бир дейишарди ва ҳеч қачон ёлғон гапирмасди. Ҳақиқатнинг юзига тик боқарди. Ўта халқпарвар эди. Бизга ҳам буни уқтирарди. Болалигимизда Абдулла Қодирийни ўз бобомиз бўлса керак деб ўйлардик. Сабаби доим Абдулла бобом деб гапирардик.
Дадам сабаб биз фарзандлар, аввало Аллоҳни эрта танидик. Китобга ўзгача меҳр қўйдик. Яхшилик, савоб қилишни ўргандик. Инсонларга беминнат ёрдамни, жигарларга доимо мурувватли бўлишни, инсонларни, яқинларни манфаатсиз севишни ўргандик.
Мени кўпчилик дадамга ўхшатишади. Нафақат кўриниш, балки характер жиҳатдан ҳам ўхшаймиз. Билганимизни кўз-кўз қилмаймиз. Мақтанмаймиз ва биров мақтаганини бировларга ошкор қилмаймиз.
Ҳозир мана шу жиҳатларим дадамга ўхшайди, десам бироз нокамтарлик бўлади. Қанийди, дадамга ҳар томонлама ўхшасам, дейман. Агар кимдир отасига тортибди, отасига раҳмат, Аъзам Ўктамнинг фарзандлари ўзига муносиб бўлибди, деса бундан беҳад бахтиёр бўламан.
Дадам жисман бизни тарк этганига 20 йил бўлди. Аммо руҳан биз билан бирга бўлишига қарамай, мен худди дадамни кечагина йўқотгандай бўлавераман. Йўқлиги ҳар қадамда сезилаверади. Жуда ҳам соғинаман. Тошкентнинг ҳар бир кўчаси дадамни эслатаверади.
Дадам дейишим билан бўғзимга аччиқ йиғи тиқилади. Соғинганимда ҳақларига дуо қиламан, лекин Қўқонга қанот қоқиб кетгим келади. Қўқон, Бувайда деган ёзувни кўришим билан дада, келдим деб хаёлан суҳбатлашаман. Енгил тортаман. Қаттиқ соғинганимда укамни кўргим, амаки, аммаларим билан гаплашгим келади. Дадамдан ҳаммаси учун, айниқса ўз юртига биз фарзандларда чексиз муҳаббат қолдиргани учун миннатдор бўламан.
Гули Нигор(шоира):

– Отам истеъдодли шоир ва таржимон Чори Аваз 1992 йилда (4 ёш бўлганман) вафот этган. Шу сабабли уларнинг айнан мен учун, ўзимга аталган ўгитларини эслай олмайман.
Болалик хотираларимда бўйи узун, озғиндан келган инсон – дадамнинг қўлларига аранг бўйим етиб турганини эслайман, холос. Ойижоним даданг ҳақиқатпарвар, чўрткесар инсон эди, адолатсизликка тоқат қила олмасди, дея кўп бора таъкидлаганидан ўзимга керакли хулоса чиқариб олганман.
Чори Авазнинг қизиман, дея давраларда бошимни баланд кўтариб юра оламан. Сабаби, уларни таниган инсонлар борки, доим яхши хотираларни эслашади. Виждонига, иймонига хиёнат қилмаган инсон эди, дейишади. Жисман ёнимда бўлмасаларда, доим шу инсоннинг фарзандиман деган ҳис мени дадил қадам ташлашга ундайди, гўёки мени суяб туради.
Айниқса, оталар қизининг ҳаётидаги энг муҳим инсон бўлишади. Албатта дадамни соғинаман. Баъзи вақтлар бўладики кўргим, овозини эшитгим, қўлларини ушлагим келади.
Улар билан соатлаб суҳбатлашгим келади... Бироқ... Тушларимга кириб чиқади. Мана ҳозир гапиради, овозларини эшитаман, дадамнинг гапларини тинглайман деб юрагим ҳапқириб кетади, афсуски, доим шу лаҳзаларда уйғониб кетаман.
Дадамни соғинсам китобларини қўлимга оламан. Шеърларини ўқийман. Хаёлан улар билан суҳбатлашаман. Саволларимни бераман ва уларга ўзим дадамнинг шеърларидан жавоб топишга ҳаракат қиламан. Фарзандларимга бобоси ҳақида айтаман, шеърларидан ўқиб бераман.
Дилобар Маматова,ЎзА