Шоҳимардон –“Ўзбекистон Швейцарияси”
Айни кунларда туризм соҳаси ривожлантирилиб, “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” номли ички туризм дастури жадал олиб борилмоқда.
Жорий йил мазкур йўналишга 1,7 миллион хорижий, 7,5 миллион маҳаллий сайёҳларни жалб қилиш, туризм хизматлари экспортини 370 миллион долларга етказиш мақсад қилинган.
Фарғона вилоятида ҳам бу борада аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинган.
Вилоят ҳокимлиги ҳузурида “Шоҳимардон” туризмни ривожлантириш дирекцияси ташкил этилиб, Фарғона туманидаги “Шоҳимардон” ва “Ёрдон” маҳалла фуқаролар йиғинларининг экотуризм салоҳияти, ҳудуддаги янги туризм йўналишлари кенгайтирилишига эришилмоқда.


Дилбар табиати туфайли Фарғона вилоятининг анклав ҳудудида жойлашган Шоҳимардон қишлоғи «Ўзбекистон Швейцарияси»га қиёсланади. Фарғона туманидаги Шоҳимардон қишлоғи ва Қирғизистон Республикасининг Боткен вилояти Қадамжой туманида сайёҳлик мавсумининг очилиши ҳам ана шу саъй-ҳаракатлар самарасидир.
Шоҳимардон-Кўли Қуббон осма йўли ишга тушди. Қишлоқ марказидаги истироҳат боғининг таъмирланиши, ҳудудга тунги чироқлар ўрнатилиб, марказ ободонлаштирилиши, энг асосийси, йўловчилар учун микроавтобуслар қўйилиши белгиланди. Демак, Шоҳимардонда янги туристик мавсум бошланди. Олой тоғ тизмасининг шимолий ён бағрида, тахминан 1 минг 550 метр баландликда жойлашган кўҳна қишлоқ юртдошларимиз ва хорижликларни оҳанрабодай чорлаб турибди.
Фарғона шаҳридан 60 километр жанубда, Олой тоғ бағрида жойлашган сўлим гўшада 3 800 га яқин аҳоли истиқомат қилади. Қишлоқнинг баҳаво табиати, шифобахш сувлари, муқаддас зиёратгоҳлари, юмшоқкўнгил, дилкаш одамлари ташриф буюрувчининг эътибори ва меҳрини тортади.
“Шоҳимардон” – “мардлар шоҳи” демакдир, халқ уни “енгилмас йигитлар шоҳи” деб ҳам таърифлайди. Диний билим эгаларининг изоҳлашича, бу ном Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)нинг куёви, тўртинчи халифа Ҳазрат Алига нисбат берилади ва у “Ҳазрати Шоҳимардон пирим” дея эҳтиром билан тилга олинади. Муқаддас манбалар Ҳазрат Алининг бемисл куч соҳиби, паҳлавон, мард, енгилмас, баҳодир, алп келбатли зот эканлиги, унинг қирқ газлик зулфиқор (қилич)и бўлганлигидан хабар беради.
Ўзбек халқ достони “Алпомиш”да Бойбўрибий ва Бойсарибийлар бефарзандлик дардида алам чекиб ётганида Бойсун ўлкасидан Шоҳимардон сари йўл солиб келишади. Ҳазрати Шоҳимардон пирим мозоротида 39 кеча тунаб, сўнггида бир туш кўрадилар. Тушларида бир шариф зот олмани икки бўлиб, уларга тутади. Бирига бир қиз, иккинчисига бир ўғил, бир қиз фарзанд насиб этишини айтади.

Ёши улуғларнинг айтишича, муқаддас муродхона мақомида қадрланиб келган мозоротни зиёрат қилишнинг ҳам ўз қоидаси бўлган. Дастлаб улкан тоғ бағрига, тепаликка пиёда чиққан инсон “Жаннатариқ” деб номланган сойда чўмилиб, жисман покланган, шифобахш сувдан танасига дармон олган, сўнгра “Чаккатомар” булоғи сувидан ичиб, кейин Ҳазрат Али мозорини зиёрат қилиб, эзгу ниятларининг ижобатини тилаб, дуога қўл очган.
Ривоятларда айтилишича, Ҳазрат Алининг 7 жойда мозори бўлган (Ҳазратнинг васияти билан унга еттита тобут ясалиб, етти жойга дафн қилинган). Ҳазратдан ушбу тобутларнинг қай бирида бўлишлари сўралганда, у зот “Беш тоғнинг ораси, икки сув қўшилган жойдаги тепалик”ка ишора берган эканлар.
Ҳазрат Али мақбараси бот-бот талафотлар оғушида қолган. 1826 йилда Шоҳимардонда содир бўлган кучли зилзила оқибатида мақбара вайрон бўлади. Собиқ иттифоқ мафкураси остида бир неча марта бузиб юборилган, ёндирилган, талон-тарож қилинган. Одамлар шўро ҳукуматининг қаттиқ қаршиликларига қарамай, табиатнинг гўзал қучоғига ташриф буюришни, унинг зиёратини адо этишни канда килишмаган.
Бу ерда ўнлаб зиёратгоҳлар бор. Уларнинг энг машҳури “Чаккатомар”дир. Туркман шоири Омонтурди Аннатурдиев “Елкада мозор, кўнгилда озор, Тоғ йиғлар...” деб ёзганида айнан уни назарда тутган эди. Шоир қоялар орасидан чаккилаб томиб турган сувни шўро ҳукумати томонидан Ҳазрат Алининг мақбараси вайрон этилган мудҳиш кунларда муқаддас ҳокни кўтариб турган тоғнинг кўз ёшларига қиёслайди. Айтишларича, чаккатомар сувини ичган инсон ҳам руҳий, ҳам жисмоний енгиллик сезади, томир-томирларига дармон ингандай бўлади.
Булоқ ёнига фарзандталаб аёллар, бахтини кутаётган қизлар, умуман, яхши ниятли одамлар келиб, шифобахш сувдан тотинганлар.
Оқсувмозор ҳам Кўлиқуббонга кетиш йўлида жойлашган зиёратгоҳ. Айтишларича, Ҳазрат Алининг тобути ортилган оқ туя тоғлар орасидаги икки дарё туташган жойга келиб тўхтабди. Ҳарчанд туяга ишорат қилсалар ҳам у ўрнидан қўзғалмаган. Туя бир неча қадам ташлаб, шу ерда ётиб олгач, васиятда айтилган жой шу эканлигини англайдилар. Баъзи бадният кишилар оқ туяга эгалик қилишмоқчи бўлишади, кўп уринсалар-да, жониворни олиб кетолмагач, аламларига чидолмай, туяни савалайдилар. Норози бўлган оқ туя тоғлар орасидаги ғор ичига кириб кетади. Ўшандан буён туя ғойиб бўлган ердан қишин-ёзин тўхтамай сув оқавераркан. Одамлар бу сувларни оқ туянинг кўз ёшлари эканлигига ишониб, ўша-ўша бу ерларни муқаддаслаштиришган.
Зиёратгоҳларга миллий ўзликни англаш, тарихий хотирани тиклаш, аждодларимиздан мерос урф-одат, қадриятларга бўлган муҳаббат ва эҳтиромни намойиш этиш тимсоли сифатида қаралади. Истиқлол шарофати билан бу улкан моддий-маънавий мерос она халқимизга қайтарилди.
Шоҳимардон табиати музейида беш юздан ортиқ ноёб экспонатлар сақланади. Қадимги қоя-тошларга ўйиб ёзилган битиклар, 1900 йили француз сайёҳи суратга олган Ҳазрат Али зиёратгоҳининг эски кўриниши, ўтган асрга оид оталар чойхонаси гурунглари, оилалардаги ҳаёт тарзи бу табаррук масканнинг кўҳна тарихидан сўзлаётгандек гўё. Қоя-тошлар салтанатидек ўктам ва мағрур оталар, меҳмонга мунтазир шарқона ҳовлилар файзи бўлган муниса оналар, зариф қўшиқлар куйлаб оқадиган зилол сойлари, икки юзи қирмизи олма, киприклари сув ўтидек узун-узун қизлар, полвон йигитлар асрларни қаритган бу икки қишлоқда ҳаёт давомийлигини таъминлаб келмоқдалар.
Бугун Шоҳимардон ва шоҳимардонликлар сайёҳлар ташрифини соғинган. Зотан, бу заминга яхши ниятда қўйилган қадам хайрлидир.
М. Сулаймонов, ЎзА