Шогирдлар қуршовида эъзозланган устоз
Салоҳиятли устозлар борки, жамият тараққиётига муносиб инсонлар тарбия топаверади. Шундай устозлардан бири Асил Комиловдир.
1942 йил 28 октябрда Тошкент вилоятининг Қибрай туманида таваллуд топган Асил Комилов келажакда устозлик йўлини танлаб, барака топган инсонлардан саналади. У 1981-1992 йиллар оралиғида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институтининг Тракторлар ва автомобиллар кафедрасида ўқитувчи, доцент ва кафедра мудири лавозимларида меҳнат қилди.
1992-2000 йилларда Қишлоқ хўжалигини механизациялаш факультети декани ва проректор лавозимларида ҳам ишлади.
2017 йилдан ҳозирги кунга қадар ТИҚХММИ Миллий тадқиқот университети Тракторлар ва автомобиллар кафедрасида доцент лавозимида фаолият юритиб келмоқда.
[gallery-9362]
Асил Комилов университетга узоқ йиллар давомида муносиб ҳисса қўшиб, 100 дан ортиқ илмий мақола, 6 та дарслик ва ўқув қўлланма, кўплаб услубий кўрсатмалар муаллифи бўлди.
Кўп йиллик меҳнатларини инобатга олган ҳолда ҳукуматимиз 2017 йилда Асил Комиловни «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирлаган.
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институти Миллий тадқиқот университетида доцент Асил Комиловнинг 80 ёшга тўлиши муносабати билан байрам тадбири ўтказилди.
Бугунги кунда бу инсондан таълим олган шогирдлари республикамиз миқёсида қишлоқ ва сув хўжалигининг турли жабҳаларида, шунингдек, давлат бошқаруви лавозимларида ҳам самарали фаолият юритиб келмоқда.
Байрам тадбири давомида устоз шогирдлар қуршовида эъзозланди.
ЎзА