Шоҳимардон обод масканга айланмоқда
Шоҳимардонликлар давлатимиз раҳбарининг меҳри ҳамда эътиборини ҳамиша ҳис этиб тургани боис бугун ҳеч ким ҳаётнинг катта, жўшқин оқимидан четда эмас.
Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!
Шоҳимардонликлар давлатимиз раҳбарининг меҳри ҳамда эътиборини ҳамиша ҳис этиб тургани боис бугун ҳеч ким ҳаётнинг катта, жўшқин оқимидан четда эмас. Сўнгги йилларда бу мўъжаз қишлоқ мутлақо янгича чирой очди. Сайёҳлар учун ўнлаб дам олиш уйлари, кемпинглар, меҳмонхоналар қурилди. Хизмат кўрсатиш билан боғлиқ иншоотлар фойдаланишга топширилди. Кўчаларга асфальт ётқизилиб, ичимлик суви қувурлари тортилди. Табиати гўзал, ҳавоси шифобахш, одамлари самимий ва меҳмондўст Шоҳимардон ва Ёрдон қишлоқларининг янги истиқболи бундан-да файзлидир.


Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев вилоят бошқарма, тегишли ташкилот раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳи билан Шоҳимардонда бўлди. Ишчи гуруҳ билан биргаликда 2019 йил 3 октябрдаги “Фарғона вилоятининг туристик салоҳиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарорининг ижросини таъминлаш масалалари таҳлил қилинди.
Шоҳимардоннинг бетакрор табиат манзараси, тарихий зиёратгоҳлари ҳудудда туризмни ривожлантиришда жуда қўл келади. Ички туризм ривожи ҳудуд аҳолисининг муқим даромад манбаини таъминловчи яна бир муҳим омил бўлади. Хорижлик сайёҳларни жалб этиш ва ички туризмни ривожлантириш мақсадида бугунги кунда бу ерда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Вилоят раҳбари мазкур йўналишда белгиланган чора-тадбирлар ва вазифаларни ўз муддатида сифатли бажариш кераклигини таъкидлади.


Жумладан, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида асаларичилик, тикувчилик, чорвачилик ва бошқа йўналишлар учун 2 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилади. Шоҳимардонда шу ой охиригача хорижий валюта бирликларини сотиб олиш, алмаштириш, почта жўнатмаларини олиш кичик банки ташкил этилади. Бўш турган иншоотлар мулкчилик шаклидан қатъи назар, тўлиқ хатловдан ўтказилиб, давлат тасарруфида бўлганлари тадбиркорларга сайёҳлик хизматини ташкил этиш шарти билан сотилиши кўзда тутилган.
– Шоҳимардондаги собиқ дам олиш уйини аёллар реабилитация марказига айлантирамиз, уни зарур тиббий жиҳоз, мутахассислар билан таъминлаймиз, – деди Шуҳрат Ғаниев. – Бу ишлар учун зарур бўлган миқдордаги маблағни ажратамиз.


Шоҳимардонда 30 та оилага 200 миллион сўмлик иссиқхоналар қуриб бериш, ичимлик суви таъминотини яхшилаш, биргина Ёрдон қишлоғига 7 километр сув тармоғини тортиш, 15 километр электр тармоқларини таъмирлаш ёки янгилаш, 80 тонналик суюлтирилган газ сақлагич, тезкор интернет тизими билан қамраб олиш, ветеринария хизмати шохобчасини ташкил этиш, 200 нафар хотин-қиз учун тикувчилик корхонасини тез кунда ишга тушириш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Ишчи гуруҳ йиғилиши Шоҳимардон марказида яқинда қурилган амфитеатр ҳудудида бўлиб ўтди ва уни қишлоқ аҳли вакиллари кузатиб турди.


Шоҳимардонда аҳолига бирламчи зарур бўлган барча турдаги дори-дармон бепул берилади, ёшлар учун ташкил этилган спорт залларига 15 турдаги йўналишда машғулот анжомлари келтириб берилади, электр қувватининг 24 соатлик таъминоти кафолатланади, олий ўқув юртига ўқишга кириш учун тест имтиҳонлари Шоҳимардон қишлоғида ўтади. Шу куни вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев Шоҳимардон қишлоғида ўнлаб хонадон эгалари билан учрашиб, суҳбатлашди. Уларнинг муаммоларини жойида ҳал этди. Шоҳимардон қишлоғида кўп тармоқли шифохона ишлаб турибди. Бу масканга кислород концентраторлари ва турли хил дори-дармонлар топширилди.
– Бизга бўлган эътибор ва ғамхўрликдан миннатдормиз, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Икромжон Абдухолиқов. – Ҳа, Шоҳимардон бошқа давлат ҳудудидаги “оролча”. Аммо давлатимиз раҳбари бизни ҳеч қачон ёлғизлатиб қўймаган. Мана, бугун ҳам мустақиллигимизнинг 29 йиллиги байрами арафасида 2500 қоп ун, 2500 та ҳар бири 5 литрлик ёғ келтирилди. Уни барча хонадонларга бирдек тарқатяпмиз.


Икки кун давомида вилоятдаги бошқарма ва ташкилот раҳбарлари, мутахассислари Шоҳимардон ва Ёрдондаги 16 та кўчада жойлашган мингдан зиёд хонадонга бирма-бир кириб, уларнинг ҳолидан хабар олди.
– Ҳали олдимизда яна ҳал қилиниши лозим бўлган масалалар борлигини аниқладик, – дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят маҳалла ва аҳолини қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Саидмурод Аминжонов. – Қишлоққа қўшимча тез ёрдам автомашинаси, ёшлар учун иш ўринлари, давлат хизматлари кўрсатиш туман марказининг ваколатли шохобчаси керак. Биз барча талаб ва истакларни тез кунда ўрганиб, ечимини албатта топамиз.