Ширинликлар Навоийни ёд этишди
Ширин шаҳрида буюк мутафаккир ва шоир Алишер Навоий таваллудининг 584 йиллиги муносабати билан маданий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тадбир аввалида шаҳардаги Маънавият ва маърифат маскани ҳудудида жойлашган Алишер Навоий ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилиб, улуғ мутафаккир хотирасига ҳурмат бажо келтирилди.

Ёшлар марказида ташкил этилган тадбирнинг бадиий қисмида корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари, нуронийлар ҳамда ёшлар иштирок этишди.

Шаҳар ҳокими Ниёз Ҳазратқулов Навоий меросининг аҳамияти ва унинг ёш авлод тарбиясидаги ўрнига алоҳида тўхталиб, “Хамса” достонидаги “Фарҳод ва Ширин” асари муҳаббат, фидойилик ва инсоний фазилатларнинг тимсоли экани, шу достон қаҳрамони номи билан аталган Ширин шаҳри, шаҳарда барпо этилган “Фарҳод” ГЭСи ҳақида фахрланиб гапирди.


Шаҳар маданият бўлими ходимлари ҳамда санъатга қизиқувчи ёшлар томонидан буюк шоир ижодидан намуналар ўқилди, ижодий чиқишлар, ижро этилган ашула ва рақслар эса тадбир иштирокчиларига кўтаринки кайфият улашди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири