Ширинда келажак энергетиклари тайёрланмоқда
Ширинда тун чироқлари одатдагидан бироз бошқача маъно касб этади. Бу ерда ёқилган ҳар бир чироқ ортида энергетикларнинг машаққатли меҳнати, йирик станцияларнинг улкан қуввати ва энг муҳими, шу тизимни эртага бошқарадиган ёш мутахассисларнинг орзулари бор.
Шаҳарни бежизга «энергетиклар шаҳри» деб аташмайди. Бу ерда мамлакатимиз энергетика тизимининг муҳим таянч корхоналари – «Сирдарё» иссиқлик электр станцияси, «Фарҳод» гидроэлектр станцияси ҳамда замонавий «ACWA Power Sirdarya» иссиқлик электр станцияси фаолият юритмоқда. Айни пайтда шаҳар ва унинг атрофида янги энергетика қувватларини барпо этишга қаратилган йирик лойиҳалар ҳам изчил давом этмоқда.
Бироқ Шириннинг энергетика соҳасидаги ўрни фақат электр энергияси ишлаб чиқариш билан чекланмайди. Бу ерда мамлакат энергетикаси учун яна бир муҳим салоҳият – замонавий технологияларни пухта ўзлаштирган, назарий билимни амалиёт билан уйғунлаштира оладиган ва ишлаб чиқариш жараёнида мустақил қарор қабул қилишга тайёр янги авлод мутахассислари ҳам шаклланмоқда.
Бу вазифани зиммасига олган таълим даргоҳларидан бири – Ширин энергетика техникуми.
Бугун ушбу техникумда 640 нафар ёш таҳсил олмоқда. Уларнинг ҳар бири учун танланган касб шунчаки диплом олиш ёки меҳнат бозорида ўз ўрнини топиш воситаси эмас. Бу касблар мамлакат энергетика тизимининг бугунги ва эртанги эҳтиёжлари билан бевосита боғлиқ.

Зеро, энергетика соҳаси мисли кўрилмаган суръатларда янгиланмоқда. Янги иссиқлик электр станциялари барпо этилмоқда, мавжуд қувватлар модернизация қилинмоқда, қуёш ва шамол электр станциялари ишга туширилмоқда. Электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш ва тақсимлаш жараёнларига рақамли технологиялар, автоматлаштирилган бошқарув тизимлари ва замонавий ускуналар тобора кенг жорий этилмоқда.
Бундай шароитда энергетиканинг келажагини фақат янги станциялар ва замонавий технологиялар билан тасаввур этиб бўлмайди. Уларни бошқарадиган, созлайдиган, техник хизмат кўрсатадиган, хавфсиз ва самарали ишлашини таъминлайдиган малакали кадрлар ҳам зарур.
Шу маънода, Ширин энергетика техникумидаги ҳар бир аудитория, лаборатория ва амалий машғулот ортида катта мақсад мужассам.

Жорий йилнинг 27 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ёқилғи-энергетика тармоғидаги келгуси устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг кейинги босқичида кадрлар масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Давлат раҳбари сўнгги ўн йилда энергетика соҳасида катта ислоҳотлар амалга оширилганини таъкидлади. Қонун ва қарорлар қабул қилиниб, хусусий сектор ҳамда хорижий инвесторлар учун кенг имкониятлар яратилди. Президент инвесторлар билан бир неча бор шахсан учрашиб, уларнинг таклифларини эшитгани, йирик лойиҳаларни амалга ошириш учун зарур шароит ва кафолатлар яратилганини қайд этди.
Натижада энергетика соҳасига 23 миллиард доллар хорижий инвестиция киритилиб, ҳудудларда умумий қуввати 9,5 гигаватт бўлган электр станциялари ишга туширилди. Бу генерация бўйича ички эҳтиёжни тўлиқ қоплаш имконини берадиган янги қувватларни шакллантирди.

Сўнгги йилларда электр ва газ тармоқлари, подстанциялар, трансформаторлар ҳамда газ тақсимлаш қурилмаларини янгилаш учун 30 триллион сўм маблағ йўналтирилди. Бу олдинги 25 йилда шу мақсадларга сарфланган маблағдан қарийб олти баробар кўпдир.
Бироқ янги станциялар қурилиши, тармоқларни модернизация қилиш ва инвестицияларни жалб этиш билан ислоҳотлар якунланмайди. Энди уларни ҳаракатга келтирадиган, замонавий энергетика талабларига жавоб берадиган мутахассисларни тайёрлаш ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.
Президент иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш учун барча соҳаларда, хусусан, энергетикада замонавий кадрлар зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Бугун 25 та техника олийгоҳида йилига 5,5 минг нафар мутахассис тайёрланаётгани қайд этилар экан, таълимнинг амалиёт билан етарлича боғланмагани сабабли битирувчининг мустақил ишлаб кетишига икки-уч йил вақт сарфланаётгани танқид қилинди.
Бу эса касбий таълим олдига мутлақо янги талабни қўяди: ёш мутахассис меҳнат бозорига диплом билан эмас, касбий маҳорати ва амалий кўникмаси билан кириб бориши керак.
Шу боис масъулларга таълим дастурларини тўлиқ янгилаш, лаборатория ва полигонларни замонавий талабларга мослаштириш, ёшларни ишлаб чиқариш жараёнига эртароқ жалб этиш ҳамда дуал таълимни кенгайтириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Аслида, Ширин энергетика техникумида бу ёндашув таълим жараёнининг асосий тамойилларидан бирига айланган.
Техникум Саудия Арабистонининг «ACWA Power» компанияси билан ҳамкорликда замонавий ўқув ва лаборатория жиҳозлари билан таъминланган. Бу ерда ҳар йили 220 нафар ёшни энергетика соҳасининг янги касбларига тайёрлаш имконияти яратилган.

Таълим муассасасида, айниқса, қайта тикланувчи энергетика йўналишига катта эътибор қаратилмоқда. Ёшлар буғ-газ қурилмаларини ишлатиш, қуёш ва шамол электр станцияларига техник хизмат кўрсатиш, электромонтаж каби замонавий касбларни эгалламоқда.
Булар шунчаки ўқув дастуридаги касблар эмас. Улар мамлакатимиз энергетикасида яқин йилларда талаб юқори бўладиган мутахассисликлардир.
Чунки энергетика тизими ўзгармоқда. Кеча асосий эътибор электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳажмига қаратилган бўлса, бугун самарадорлик, тежамкорлик, экологик барқарорлик, қайта тикланувчи манбалардан фойдаланиш ва замонавий технологияларни ўзлаштириш масалалари ҳам биринчи ўринга чиқмоқда.
Ширин энергетика техникумида тайёрланаётган ёшлар ана шу янги энергетика даврининг мутахассислари бўлиши кўзда тутилган.
Энг муҳими, бу ерда мутахассислар шунчаки назарий билим асосида тайёрланмаяпти. Таълим жараёни иш берувчиларнинг аниқ эҳтиёжлари билан уйғунлаштирилмоқда. Корхоналарга қандай мутахассис керак бўлса, ўқув жараёнида ана шу талабларга мос билим ва кўникмаларни шакллантиришга эътибор берилмоқда.

– Бугун юртимизда энергетика соҳасига жуда катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Сирдарё вилоятида янги иссиқлик электр станциялари ва бошқа энергетика объектлари барпо этилмоқда. Ана шу корхоналар учун етук, замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга мутахассислар тайёрлашни ўз олдимизга асосий вазифа қилиб қўйганмиз.
Бугун Қорақалпоғистон Республикасидан ҳам 100 нафардан ортиқ ёш техникумимизда таҳсил олмоқда. У ерда ҳам энергетика соҳасида янги корхоналар барпо этилмоқда. Биз ана шу корхоналар эҳтиёжидан келиб чиқиб, улар учун ҳам замонавий мутахассислар тайёрлаяпмиз.
Давлатимиз раҳбари томонидан таълим ва ишлаб чиқаришни яқинлаштириш, ёшларни касбга тайёрлаш учун зарур имконият ва шароитлар яратилган. Биз ҳам ана шу имкониятлардан самарали фойдаланиб, иш берувчилар билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик қиляпмиз. Мақсадимиз республикада қурилаётган янги энергия ишлаб чиқариш корхоналарига етук, амалий кўникмага эга мутахассисларни етказиб бериш, – дейди Ширин энергетика техникуми директори Алфаробий Хусанов.
Бу фикрларда таълим муассасасининг бугунги вазифаси ҳам, эртанги мақсади ҳам яққол намоён бўлади. Дарҳақиқат, техникумда таълим жараёни «диплом учун ўқиш» тамойилидан узоқлашиб, аниқ меҳнат бозори талабларига мослашмоқда.
Бу ерда ёшларга нафақат касб, балки касбга муносабат, масъулият ва ишлаб чиқариш маданияти ҳам ўргатилмоқда. Чунки энергетика соҳасида битта хато нафақат иш жараёнига, балки бутун тизимнинг барқарорлигига таъсир қилиши мумкин. Шу боис бу йўналишда билим билан бир қаторда интизом, аниқлик, эҳтиёткорлик ва масъулият ҳам муҳим.
Бугун техникумда таҳсил олаётган 640 нафар ёшнинг ҳар бири ўз касбий келажаги учун муҳим пойдевор яратмоқда. Улар орасида нафақат Сирдарё вилояти, балки Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа ҳудудлардан келиб таҳсил олаётган ёшлар ҳам бор. Бу эса Ширин энергетика техникумининг республика миқёсида кадрлар тайёрлайдиган таълим маскани сифатидаги аҳамиятини янада оширмоқда.
Айниқса, Қорақалпоғистондан 100 нафардан ортиқ ёшнинг бу ерда таҳсил олаётгани эътиборли. Чунки у ерда ҳам энергетика соҳасида янги корхоналар ва лойиҳалар амалга оширилмоқда. Демак, Ширинда олинаётган билим ва кўникмалар эртага нафақат Сирдарё, балки мамлакатнинг турли ҳудудларидаги энергетика объектларида қўлланилади.
Бу ердаги таълимнинг яна бир муҳим жиҳати ёшларнинг келажакдаги иш жойи бугундан кўзда тутилаётганидир. Иш берувчилар билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик қилиш, уларнинг талабларини ўрганиш ва шу асосда мутахассис тайёрлаш ёшларнинг ўқишдан кейин ишга мослашиш даврини сезиларли қисқартиради.

Замонавий энергетика эса бундай мутахассисларга тобора кўпроқ эҳтиёж сезмоқда. Қуёш ва шамол электр станциялари, энергия сақлаш тизимлари, электр транспорт воситалари учун зарядлаш инфратузилмаси, рақамли бошқарув технологиялари — буларнинг барчаси янги билим ва касбий кўникмаларни талаб этади.
Яқин йилларда энергетика тармоғида айнан шу йўналишларда минглаб мутахассисларга эҳтиёж пайдо бўлиши кутилмоқда. Демак, бугун техникумда ўқилаётган касблар эртанги меҳнат бозори эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда танланмоқда.
Ширинда тайёрланаётган ёшлар ана шу ўзгаришларнинг бевосита иштирокчилари бўлади. Улар эртага замонавий иссиқлик электр станцияларида, қайта тикланувчи энергия объектларида, янги генерация қувватларида ва электр тармоқларида меҳнат қилиши мумкин. Энг муҳими, улар бу жараёнга тайёр ҳолда кириб боради. Чунки таълим жараёнининг ўзидаёқ назария ва амалиёт уйғунлаштирилмоқда.
Техникум ўқувчиларининг халқаро майдондаги ютуқлари ҳам бу борадаги ишлар самарасини кўрсатмоқда. Иқболмирзо Абдусамадовнинг Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном ҳудудида ўтказилган III Касбий маҳорат мусобақасида иштирок этиб, «Касбий маҳорат дўстлиги юлдузи» махсус мукофотига сазовор бўлгани шундай натижалардан биридир.
Бироқ Иқболмирзонинг бугунги натижаси бир кунда қўлга киритилган муваффақият эмас. Унинг ортида изланиш, машқ, меҳнат ва ўз касбига бўлган муҳаббат бор.

– 2025 йил июль ойида Жанубий Кореянинг жанубида жойлашган Кожедо оролида тайёргарлик йиғинида иштирок этдик. Ноябрь ойининг охирига қадар тайёргарлик кўриб, пайвандлаш бўйича мусобақада қатнашдик. Танлов натижаларига кўра, «Best of Nation», яъни «Миллат фахри» номинацияси ва медали билан тақдирландим.
Саудия Арабистонида пайвандлаш бўйича кўрсатган натижаларим учун ҳам муносиб совғалар билан тақдирландим. Бу йил «Янги Ўзбекистон бунёдкорлари» республика мусобақасининг республика босқичида ҳам муваффақиятли иштирок этиб, фахрли I ўринни эгалладим.
Шунингдек, Хитойнинг Урумчи шаҳрида бўлиб ўтган III миллий мусобақада меҳмон сифатида иштирок этиб, юқори натижаларни кўрсатдим. «Friendship Skills Star», яъни «Дўстлик юлдузи» махсус медали билан тақдирланиб, Ватанимизга қайтдик.
Энг катта мақсадимиз эса Шанхай шаҳрида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида иштирок этиб, унда ҳам биринчи ўринни эгаллаш. Айни пайтда шу мусобақага муносиб тайёргарлик кўряпман, – дейди Ширин энергетика техникуми ўқувчиси Иқболмирзо Абдусамадов.
Иқболмирзонинг халқаро майдондаги муваффақияти бир ёшнинг шахсий ютуғидан кўра кенгроқ маънога эга. Унда касбий таълимга яратилаётган шароит, амалий кўникмаларга қаратилаётган эътибор ва ёшларнинг салоҳиятини халқаро миқёсда намоён этиши учун берилаётган имкониятлар мужассам.

– Ширин энергетика техникуми ўқувчиси Иқболмирзо Абдусамадовнинг бугунги ютуғи, аввало, давлатимиз раҳбари томонидан касбий таълимга қаратилаётган юксак эътиборнинг амалий натижасидир.
Сўнгги йилларда касбий таълимни ривожлантириш, иқтидорли, салоҳиятли ва инновацион фикрлайдиган кадрларни тайёрлашга қаратилган қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Бунинг натижасида касбий таълим муассасаларининг, жумладан, Ширин энергетика техникумининг моддий-техник имкониятлари янада кенгаймоқда.
Қолаверса, дуал таълим тизими асосида ўқув жараёнининг йўлга қўйилгани Иқболмирзо каби ёшларнинг ўз касбий маҳоратини амалиётда намоён этиши ва юқори натижаларга эришишида муҳим омил бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган видеоселектор йиғилишларида техникумларни хусусий сектор билан ҳамкорликда ривожлантириш бўйича ҳам муҳим вазифалар белгиланган. Шу нуқтаи назардан, «AKFA Power»нинг «Al-Jabr» дастури доирасида ўқув жараёнининг йўлга қўйилгани бугун ўз самарасини бермоқда.
Бу натижалар фақат Иқболмирзо учун эмас, балки унга ўхшаган кўплаб ёшлар учун ҳам катта мотивация бўлмоқда. Улар ўз касби орқали халқаро майдонларда ҳам юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш мумкинлигини кўриб турибди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан «Касблар миллий танлови» эълон қилинган. Ҳозирда ушбу танловнинг учинчи босқичига старт бериш арафасида турибмиз. Бу жараённинг натижаларини нафақат бугун, балки келгуси йилларда ҳам кўрамиз. Зеро, бундай танловлар ёшларнинг касбга бўлган қизиқишини ошириш, уларнинг салоҳиятини юзага чиқариш ва рақобатбардош мутахассисларни тайёрлашга хизмат қилади, – дейди Касбий таълим агентлиги директори ўринбосари Авзалхон Абдуллахонов.
Бугунги натижалар шуни кўрсатмоқдаки, Ширин энергетика техникумидаги таълим жараёнини эртанги энергетика манзарасидан алоҳида тасаввур этиб бўлмайди. Шаҳарда йирик энергетика корхоналари ишламоқда, янги станциялар барпо этилмоқда, қайта тикланувчи энергия манбаларига оид лойиҳалар кенгаймоқда. Буларнинг барчаси билимли ва малакали кадрларга бўлган эҳтиёж тобора ортиб бораётганини кўрсатмоқда.
Ширинда эса бу эҳтиёжни қондириш учун зарур таълим муҳити яратилган.
Бугун техникумда таҳсил олаётган 640 нафар ёшнинг қўлида фақат касб эмас, катта имкониятлар ҳам бор. Улар замонавий технологияларни ўрганмоқда, ишлаб чиқариш муҳитига мослашмоқда, халқаро тажриба билан танишмоқда ва, энг муҳими, ўз касбий келажагини энергетика соҳаси билан боғламоқда.

Энергетика соҳасидаги ҳар бир янги станция мамлакат иқтисодиёти учун янги қувват бўлса, Ширин энергетика техникумида таълим олаётган ҳар бир ёш – ана шу қувватни ҳаракатга келтирадиган инсон капитали.
Шу маънода, Ширинда бугун нафақат электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда, бу ерда мамлакат энергетикасининг келажаги учун энг муҳим ресурс – билимли, малакали ва замонавий фикрлайдиган инсонлар тайёрланмоқда.
Бугун улар ўқувчи. Эртага эса янги электр станциялари, қайта тикланувчи энергия объектлари ва замонавий энергетика тизимининг ишончли мутахассисларига айланади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири