Ширинда академик эшкак эшиш ривожланмоқда
Академик эшкак эшиш — техник жиҳатдан юқори инфратузилмани талаб этувчи спорт тури. Охирги йилларда сузиш, синхрон сузиш, сувга сакраш, сув полоси каби йўналишлар қаторида ушбу спорт турига бўлган эътибор ҳам ортиб бормоқда. Энг муҳими, академик эшкак эшиш юртимизда Олимпия спорт тури сифатида эътироф этилган бўлиб, “Олимпия захиралари”ни шакллантиришда стратегик аҳамиятга эга.
Шу боис, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби, Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳридаги спорт мактабида ҳам ёшларни сув спорти турларига жалб этиш, иқтидорли спортчиларни аниқлаш, саралаш ва уларни профессионал спортчи сифатида тайёрлашга катта эътибор қаратиляпти.

– Президентимизнинг 2024 йил 4 ноябрдаги “Сув спорти турларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига мувофиқ мактабимизда сузиш, синхрон сузиш, байдарка ва каноэ, парасузиш, парканоэ ҳамда академик эшкак эшиш бўйича тўгараклар ташкил этилган, – дейди Ширин шаҳар спорт мактаби директори Зафар Тўхтаров. – Айниқса, академик эшкак эшиш йўналишида 12 нафар малакали мураббий фаолият юритмоқда. Улар қўл остида 486 нафар ёш спортчи мунтазам машғулот олиб бормоқда. Улар вилоят, республика ва халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этиб, муваффақиятларга эришмоқда. Қувонарлиси, ёшларимизнинг ушбу спорт турига бўлган қизиқиши йилдан-йилга ортиб бормоқда. Бу эса, аввало, давлат раҳбарининг соҳадаги оқилона сиёсати самарасидир.
Академик эшкак эшиш соғлом турмуш тарзи, ирода ва интизомни талаб этадиган спорт тури ҳисобланади. Сирдарёлик ёшлар бу йўналишда ҳам республика, ҳам халқаро мусобақаларда фаол иштирок этиб, юксак натижаларни қўлга киритишмоқда. Энг қувонарлиси — улар орасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафини тўлдириб бораётганлар сони кўпаймоқда. Бу, шубҳасиз, соҳадаги тизимли ислоҳотлар самарасидир.

Масалан, мамлакатимизнинг терма жамоаси таркибида “Рио–2016” ва “Токио–2020” Олимпиада ўйинларида иштирок этган Шаҳбоз Холмирзаев, “Париж–2024” Олимпиадасида қатнашган Анна Пракатент айнан ушбу спорт мактабида тарбия топган.
– Гап фақат фахрланишда эмас, натижаларда ҳам. Жорий йилнинг ўзида мактабимиз спортчилари республика чемпионати ва кубокларида жами 28 та медални қўлга киритди. Улардан 12 таси — олтин, 10 таси — кумуш, 6 таси — бронза медаллардир. Шу билан бирга, 20 нафар спортчи Ўзбекистон миллий терма жамоасига асосий аъзо сифатида қабул қилинди, яна 5 нафари — захира таркибда, – дейди мактаб раҳбари.
Академик эшкак эшиш ташқи кўринишдан оддий туюлса-да, амалда у юқори техник маҳорат ва инфратузилмани талаб қилади. Шунинг учун ҳам бу спорт тури билан шуғулланиш учун замонавий инвентарлар, хусусан, юқори сифатли қайиқлар зарур.

– 2025 йилда Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги ташаббуси билан умумий қиймати 627,3 миллион сўмлик 5 та замонавий қайиқ — 2 та яккалик ва 3 та жуфтлик экипаж мактабимизга олиб келинди, – дейди Зафар Тўхтаров. – Шунингдек, “Очиқ бюджет” ташаббуси доирасида 523,9 миллион сўмлик 2 та тўрт кишилик қайиқ ҳам харид қилинди. Спортчилар учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида қиймати 700 миллион сўмлик, 40 ўринли замонавий ётоқхона қурилди. Бу эса узоқ ҳудудлардан келиб машғулот ўтаётган ёшлар учун ажойиб қулайлик бўлди.
Спорт мактаби тарбияланувчилари — Шаҳбоз Холмирзаев, Шаҳбоз Абдужабборов, Алишер Яров, Анатолий Краснов, Фазлиддин Каримов, Самира Розиқова, Анна Пракатент ва Луиза Исломова каби спортчилар халқаро мусобақаларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишмоқда.

Шу жиҳатдан олиб қаралганда, Ширин шаҳрида академик эшкак эшишни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар нафақат маҳаллий, балки миллий спорт доирасидаги ислоҳотларнинг узвий давомидир. Малакали мураббийлар, замонавий спорт анжомлари ва мустаҳкам инфратузилма — буларнинг барчаси Ширинни ушбу спорт тури бўйича республикадаги етакчи марказлардан бирига айлантирмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири