Шимолий Корея ракета синовини ўтказди
АҚШ Президенти Дональд Трамп ва Хитой етакчиси Си Цзиньпиннинг Вашингтонда кутилаётган муҳим учрашуви олдидан Пхеньян навбатдаги ҳарбий намойишни амалга оширди. Якшанба куни Шимолий Корея Вонсан ҳудудидан Япон денгизи томон уч соатлик фарқ билан икки марта қисқа масофали баллистик ракета учирди.
Жанубий Корея Қуролли кучлари Бош штаби хабарига кўра, соат 15:00 атрофида самога кўтарилган биринчи ракета қарийб 450, соат 17:50 да учирилган иккинчиси эса 600 километрдан ортиқ масофани босиб ўтган.
Мазкур воқеа Сеул, Вашингтон ва Токио разведка хизматлари томонидан дастлабки босқичданоқ кузатиб борилди ва ўзаро маълумот алмашилди. Жанубий Корея Миллий хавфсизлик идораси шошилинч йиғилиш ўтказиб, мамлакат хавфсизлигига солинган таҳдидни баҳолади ва Пхеньянни БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияларини бузишни зудлик билан тўхтатишга чақирди.
Таҳлилчилар фикрича, навбатдаги синов бўлажак АҚШ – Хитой саммитида Шимолий Кореянинг ядровий ва ҳарбий дастури эътибор марказида бўлишини таъминлашга қаратилган. Қолаверса, АҚШ, Жанубий Корея ва Япония томонидан минтақада ўтказилган “Pacific Vanguard”, “Ulchi Freedom Shield” ва “Freedom Edge” қўшма ҳарбий машғулотларига жавоб ҳисобланади.
Аввалроқ Ким Чен Иннинг синглиси Ким Ё Чжон бундай машғулотни “босқинчилик машқи” деб атаб, АҚШ ва иттифоқчиларга нисбатан янада кескин жавоб чораси кўрилишидан огоҳлантирган эди.
Мутахассислар таъкидлашича, синовда “Hwasong-11” серияли баллистик ракета ва 600 миллиметрли ўта йирик реактив тизимдан фойдаланилган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА