Шифокор лаборант ва талабалар ушланди
ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда Самарқанд вилояти ОИТСга қарши курашиш маркази шифокор лаборанти, 1994 йилда туғилган С.М. мансабдор танишлари орқали маҳаллий фуқарога махсус “сертификат” олиб беришни ваъда қилиб, 2000 АҚШ доллари олаётган вақтида қўлга олинди.
Шунингдек, талабаларнинг фуқаролардан таъмагирлик орқали пул ундириши билан боғлиқ ҳолат фош этилди.

Маълум бўлишича, Самарқанд давлат чет тиллари институтининг талабалари Б.Х. ва Х.М. факультет деканининг ёрдами билан 4 нафар курсдошини инглиз, француз тиллари фанларидан бўладиган якуний давлат аттестация имтиҳонларидан ўтказиб беришни ваъда қилиб, эвазига уларнинг ҳар биридан 500 АҚШ долларидан жами 2000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни талаб қилиб, олдиндан 500 АҚШ долларини олган.

ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Б.Х. фуқаро Ш.Л.дан келишилган пулнинг қолган 1500 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган вақтида процессуал тартибда ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозир мазкур ҳолатлар юзасидан ушбу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири