“Шифо”га муҳтож шифохона
Жиззах шаҳрининг “Иттифоқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 4-сонли оилавий поликлиника айни чоғда таъмирталаб аҳволга келиб қолган.
Мазкур бино 1980 йилларнинг бошида қурилган. Маълум вақт ўтиб, бу ерга шаҳар 4-сонли оилавий поликлиникаси кўчириб келинган ва қарийб 40 йилдан буён тиббий муассаса шаҳардаги Иттифоқ, Қалия, Нурлиобод, Ёшлик, Бунёдкор ва Дўстлик маҳаллаларида истиқомат қилувчи 40 мингга яқин аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда.
Поликлиника биносининг ташқарисини ҳам, ичкарисини ҳам аллақачон капитал таъмирдан чиқариш лозимлиги у ерга борган ҳар қандай кишига ойнадек равшан. Лекин бу ҳолатни нима учундир Жиззах шаҳар мутасадди раҳбарлари кўришмаяпти?
Муассасада беморларга тиббий хизмат кўрсатиш учун жой етишмайди. Муолажа хоналарида қўл ювиш учун ўрнатилган жумраклардан қачон охирги марта сув оққанини ҳеч ким эслай олмайди. Тоза сувнинг келиши, оқова сувнинг чиқиб кетиши билан боғлиқ муаммо деярли барча хоналарда мавжудлиги янада ачинарли.
Шифохона биносининг шундоққина ёнидан марказий канализация тармоғи ўтган, лекин унга уланиш тўғрисида на поликнилика, на Жиззах шаҳар соғлиқни сақлаш бўлимидаги мутасаддилар ўйлашмаяпти?!
[gallery-21134]
Устига-устак муолажа учун зарур бўлган тиббий жиҳозлар етишмайди, мавжудлари ҳам аллақачон маънан эскириб, муддатини ўтаб бўлган. Бу муаммолар тиббий хизмат кўрсатиш сифатини пасайтириб юбормоқда.
Поликлиникадаги кундузги стационар хонасига даволаниш учун келган аёл ва эркак беморлар парда орқали иккига бўлинган “хоналар”да муолажа олишга мажбур. Жой етишмаслигидан ҳатто ЭКГ аппарати ҳам шу ерга ўрнатилган.
Республикамиздаги деярли барча йўналишлар сингари соғлиқни сақлаш соҳаси ҳам рақамлаштириш тизимига ўтаётганлигига қарамай, ушбу поликлиникада иш “ярим рақамлаштириш” тизимида олиб борилаётган кўринади. Чунки шифохона замонавий компьютер ускуналари билан тўлиқ таъминланмаган.
Ушбу муассасада ҳам кадрлар етишмовчилиги муаммоси мавжуд. Айни пайтда муассасада 5 нафар оилавий врач етишмаяпти.
Поликлиника масъулларининг айтишича, 2017 йилдан буён 4-сонли оилавий поликлиника шаҳардаги бошқа замонавий бинога кўчирилиши ҳақида гап боради. Аммо мана 2025 йил ҳам кириб келди...
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари