Шифобахш неъмат кўп бўлади
Жиззах вилоятида жорий йилнинг ўтган даврида 800 тоннадан зиёд шифобахш маҳсулот етиштирилди.
Жиззах вилоятида жорий йилнинг ўтган даврида 800 тоннадан зиёд шифобахш маҳсулот етиштирилди.Жиззах туманидаги “Зомин асали” масъулияти чекланган жамияти томонидан “Зомин асали” ёрлиғи остида ишлаб чиқарилаётган 350-900 граммли ва 1 килограммли шиша идишларда қадоқланаётган асал харидорларга манзур бўлмоқда.
Дастлаб 50 асалари оиласи билан фаолият бошлаган жамиятнинг саккиз кишилик жамоаси бугунги кунда 500 асалари оиласидан йилига 10 тоннагача сифатли маҳсулот олишга эришаётир.
– Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор фаолиятимизни кенгайтириш ва маҳсулотимизни экспортга йўналтиришга ундамоқда, – дейди “Зомин асали” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ғайратхўжа Аҳмедов. – Шу мақсадда банкдан олинган 70 минг доллар кредит эвазига замонавий қадоқлаш ускуналари келтириб, маҳсулотимизни хорижга экспорт қилишни режалаштирганмиз. Асалнинг сифати кўп жиҳатдан асаларининг қаерда боқилишига боғлиқ. Вилоятимизнинг Зомин, Бахмал, Янгиобод каби тоғли туманлари асаларичик учун жуда қулай ҳудудлардир. Бу ерларда олинадиган асал шифобахшлиги билан ажралиб туради.
Айни пайтда жамоа аъзолари асаларини биологик талаблар асосида парваришлаш ҳисобига асалдан ташқари, асалари сути, гул чанги, прополис каби доривор маҳсулотлар ҳам етиштирмоқда.
Бу фойдали ва сердаромад тармоқни ривожлантиришда вилоят асаларичилар уюшмасининг ҳам алоҳида ўрни бор. Уюшма 40 дан зиёд асаларичиликка ихтисослашган фермер хўжалиги ҳамда хусусий тадбиркорларга соҳа ривожи учун яратилаётган имконият ва имтиёзларнинг ҳуқуқий асосларини тушунтириб, фаолиятини кенгайтириш ва сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришда амалий ёрдам кўрсатмоқда.
Асаларичиликни йўлга қўяётган фермерларга жорий йилнинг ўтган даврида 549 миллион сўм банк кредити ажратилиб, 38 фермер хўжалиги 900 қутидан кўпроқ асалари оиласи сотиб олди. Бу вилоят асаларичилари томонидан экспортга мўлжалланган маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга хизмат қилмоқда.