ШҲТнинг 25 йиллиги: Бишкек саммити олдидан янги вазифалар ва ҳамкорлик истиқболлари
Жаҳонда геосиёсий жараёнлар тобора мураккаблашиб, халқаро муносабатлар тизимида янги тенденциялар шаклланаётган бугунги шароитда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ҳамда кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш долзарб аҳамият касб этмоқда.
Ана шундай шароитда 25 йиллик тараққиёт йўлини босиб ўтган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) халқаро ва минтақавий ҳамкорликнинг муҳим платформаларидан бири сифатида ўзининг нуфузи ва амалий салоҳиятини тобора намоён этмоқда.
Ташкилот 2001 йилда ташкил этилган бўлиб, дастлаб олти давлатни бирлаштирган эди. Бугун эса ШҲТ таркибида ўнта давлат – Ўзбекистон, Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ҳиндистон, Покистон, Эрон ва Беларус бор.
ШҲТнинг 25 йиллик юбилейи муносабати билан ташкилотга раислик қилаётган Қирғизистон пойтахти Бишкекда 31 август – 1 сентябрь кунлари давлат раҳбарларининг навбатдаги саммити ўтказилади. Асосий йиғилиш 1 сентябрга белгиланган.
Шу тариқа, Бишкек бир неча кун давомида нафақат ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларини, балки халқаро ташкилотлар ва ҳамкор давлатлар вакилларини ҳам бир майдонга жамлайди. Бу эса юбилей саммитининг сиёсий ва амалий аҳамиятини янада оширади.

25 йиллик тараққиёт: хавфсизликдан кенг қамровли ҳамкорлик сари
ШҲТнинг чорак асрлик тараққиёт йўлига назар ташласак, ташкилотнинг вазифа ва мақсадлари изчил кенгайиб борганини кўриш мумкин.
Дастлаб чегара ҳудудларида ўзаро ишонч ва хавфсизликни мустаҳкамлашга қаратилган ҳамкорлик бугун савдо-иқтисодий алоқалар, транспорт-коммуникация, энергетика, инвестиция, рақамли иқтисодиёт, илм-фан, таълим, маданият ва гуманитар соҳаларни қамраб олган кенг кўламли шерикликка айланди.
Айни пайтда ШҲТ олдидаги вазифалар ҳам ўзгариб бормоқда. Ташкилот кенгайгани сари унга аъзо давлатларнинг умумий манфаатларини уйғунлаштириш, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорлик самарадорлигини ошириш масалалари янада муҳим аҳамият касб этмоқда.
Қирғизистоннинг 2025-2026 йиллардаги раислиги ҳам ана шу устувор вазифаларга қаратилган. ШҲТнинг расмий маълумотларида таъкидланганидек, жорий йил ташкилотнинг 25 йиллиги билан боғлиқ муҳим тадбирлар йили бўлмоқда.

Бишкек саммити: янги мақсадлар сари қадам
Бишкекдаги саммит ШҲТнинг навбатдаги йиғилиши бўлиш билан бирга, ташкилотнинг юбилей йилидаги энг муҳим сиёсий тадбир сифатида қаралмоқда.
Саммит кун тартибидан давлатлар ўртасидаги сиёсий мулоқотни янада чуқурлаштириш, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, транспорт ва энергетика лойиҳаларини ривожлантириш, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект соҳасида ҳамкорлик қилиш каби йўналишлар ўрин олиши кутилмоқда.
24 июль куни Бишкекда бўлиб ўтган ШҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида ҳам давлат раҳбарларининг навбатдаги саммитига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди. Унда Бишкек декларацияси ва қатор мавзули баёнотлар лойиҳалари маъқулланган.
Бу ҳолат саммит кун тартиби ва унинг якуний ҳужжатлари бўйича тайёргарлик ишлари аллақачон сўнги босқичга кирганини кўрсатади.
Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлиги: ШҲТ доирасидаги муҳим омил
Ўзбекистон учун Бишкек саммити яна бир жиҳатдан муҳим. Мамлакатимиз ШҲТнинг асосчиларидан бири сифатида ташкилотнинг шаклланиши ва ривожида фаол иштирок этиб келмоқда.
Айни пайтда Ўзбекистон – Хитой муносабатлари ҳам стратегик шерикликнинг янги босқичида изчил ривожланмоқда. Сиёсий мулоқотнинг юксак даражаси икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни кенгайтириш, саноат кооперациясини кучайтириш, транспорт-коммуникация тармоқларини ривожлантириш, энергетика, рақамли технологиялар, таълим ва бошқа соҳаларда янги лойиҳаларни амалга ошириш учун мустаҳкам замин яратмоқда.
Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг изчил ривожи ШҲТ доирасидаги кўп томонлама ҳамкорлик жараёнлари билан ҳамоҳанг кечмоқда.
Хусусан, минтақавий транспорт йўлакларини ривожлантириш, савдо ҳажмини ошириш, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ва замонавий технологияларни жорий этиш каби йўналишлар нафақат икки давлат, балки бутун минтақа иқтисодий тараққиёти учун муҳим аҳамиятга эга.
Шу нуқтаи назардан, Бишкек саммити Ўзбекистон учун ШҲТ доирасидаги кўп томонлама алоқаларни янада ривожлантириш, мамлакатимизнинг амалий ташаббусларини илгари суриш ва Хитой билан стратегик шерикликни янги мазмун билан бойитиш учун муҳим мулоқот майдони бўлиши мумкин.
Хавфсизлик ва барқарорлик – умумий мақсад
ШҲТ ташкил этилган дастлабки даврдан буён хавфсизлик масалалари унинг асосий фаолият йўналишларидан бири бўлиб келмоқда.
Бугун терроризм, экстремизм, трансмиллий жиноятчилик, наркотрафик ва киберхавфсизлик билан боғлиқ таҳдидлар трансчегаравий хусусият касб этмоқда. Шу боис давлатлар ўртасида ахборот алмашинуви, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар ўртасидаги ҳамкорлик ва хавфсизлик соҳасидаги қўшма механизмларни янада такомиллаштириш муҳим.
ШҲТнинг ёндашуви эса низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, келишмовчиликларни мулоқот ва маслаҳатлар орқали бартараф этиш, ўзаро ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш тамойилларига асосланади.
Бишкек саммитида ҳам хавфсизлик масалалари билан бир қаторда минтақавий барқарорликни таъминлаш ва тинч тараққиёт учун қулай муҳит яратишга қаратилган ёндашувлар муҳим ўрин эгаллаши кутилмоқда.
Глобал бошқарув: ШҲТнинг янги масъулияти
Бугун дунёда иқтисодий ва сиёсий марказлар кўпайиб, глобал Жануб мамлакатларининг халқаро жараёнлардаги роли ортиб бормоқда. Бундай шароитда кўп томонлама ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш ва халқаро муносабатларда тенглик ҳамда ўзаро манфаат тамойилларини мустаҳкамлаш зарурати кучаймоқда.
ШҲТ ҳам ана шу жараёнларнинг фаол иштирокчиси сифатида ўз салоҳиятини намоён этмоқда. Ташкилотнинг очиқлик, ўзаро ҳурмат, тенглик, ишонч ва манфаатларни ҳисобга олишга асосланган “Шанхай руҳи” бугунги мураккаб халқаро вазиятда ўзига хос аҳамият касб этмоқда.
Шу билан бирга, “ШҲТ+” формати орқали ҳамкорлик доирасининг кенгайиши ташкилотнинг халқаро мулоқотдаги ўрнини янада кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Бишкекдан кутилаётган муҳим қадамлар
ШҲТнинг 25 йиллик юбилей саммити ташкилот тараққиётининг янги босқичини белгилаб бериши кутилмоқда.
Энг аввало, аъзо давлатлар ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, амалий ҳамкорликни кенгайтириш, иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва хавфсизлик соҳасидаги шерикликни янада кучайтиришга қаратилган қарорлар муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон учун эса бу жараён мамлакатимизнинг минтақавий ҳамкорликдаги фаол иштирокини янада кучайтириш, иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни кенгайтириш, транспорт-коммуникация имкониятларини ривожлантириш ҳамда Хитой билан стратегик шерикликни янги амалий лойиҳалар билан бойитиш нуқтаи назаридан аҳамиятлидир.
Бишкек 2007, 2013 ва 2019 йилларда ҳам ШҲТ давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишларига мезбонлик қилган. Энди Қирғизистон пойтахти ташкилотнинг 25 йиллик юбилей саммити арафасида яна бир бор Евросиёнинг йирик сиёсий мулоқот майдонига айланмоқда.
Шубҳасиз, бу галги учрашувда ҳам давлатлар ўз манфаатларини ўзаро ҳурмат ва ишонч асосида уйғунлаштириш, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, иқтисодий тараққиёт учун янги имкониятлар яратиш йўлида муҳим ташаббусларни илгари суради.
Зеро, ШҲТнинг 25 йиллик тараққиёт тажрибаси бир ҳақиқатни кўрсатмоқда: бугунги мураккаб дунёда барқарор келажакка элтувчи энг муҳим омиллардан бири ўзаро ишонч, тенг манфаат ва амалий ҳамкорликдир.
Нилуфар Бозорова, ЎзА