ШҲТ тинчлик, барқарорлик ва ҳамкорликнинг омили бўла олдими?
Роза Отунбоева: – Бизнинг авлодимиз одамлар ўртасида ишонч барпо этишга ҳисса қўшиши керак.
Қўшниларимиз ҳақида жуда кам маълумотга эгамиз.
- ШҲТнинг гуманитар миссияси фақат конференциялар, форумлар ёки фестиваллар ташкил этишдан иборат эмас.
- Ишонч фақат музокаралар столи атрофида пайдо бўлмайди.
- ШҲТ нафақат давлатларни, балки буюк цивилизациялар – хитой, ҳинд, ислом, православ христиан ва Марказий Осиё цивилизацияларини бирлаштиради.
- Мустаҳкам тинчлик фақат давлатлар ўртасидаги келишувлардан бошланмайди. У одамлар ўртасидаги ишончдан бошланади.
Роза Отунбоева Қирғизистоннинг давлат ва сиёсат арбоби. У Қирғизистон Республикасининг Ташқи ишлар вазири, АҚШ ва Канададаги элчиси, БМТнинг Афғонистондаги махсус вакили, 2010-2011 йилларда эса мамлакат президенти лавозимларини эгаллаган. Ҳозирда “Роза Отунбоева ташаббуслари” халқаро жамоат жамғармасининг раиси.
ЎзА мухбири Муҳаммаджон Обидов Бишкекда ШҲТнинг 25 йиллиги муносабати билан “Цивилизациялар мулоқоти” мавзусида бўлган журналистлар халқаро форумида Роза Отунбоева билан учрашди ва бу ташкилот фаолияти ҳамда олдидаги муҳим вазифалар ҳақидаги фикрларини сўради.
– «Цивилизациялар мулоқоти» мавзуси менга нафақат кўп йиллар давомида халқаро ҳамкорлик масалалари билан шуғулланган инсон сифатида, балки 1990 йиллар ўрталаридан бошлаб Шанхай жараёнининг илк босқичларида иштирок этиш бахтига муяссар бўлган инсон сифатида ҳам жуда яқиндир.
Ўша пайтда олдимизда тарихий вазифа турар эди – давлатлар сифатида бир-биримизга ишонишни ўрганиш, эндигина имзоланган чегаралар атрофида бирлашган беш мамлакат ўртасида ишонч муҳитини шакллантириш.
Ўнлаб йиллар давом этган яқин ва фаол ҳамкорлик натижасида, дастлабки ўзаро эҳтиёткорликка қарамай, сиёсий ишонч, суверенитетга ҳурмат ва тенг ҳуқуқли ҳамкорлик муҳитини ярата олдик. Ана шу пойдевор устида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти вужудга келди.
Бугун, орадан 25 йил ўтиб, ШҲТ тараққиётининг янги босқичи бошланмоқда. Агар аввалги авлод давлатлар ўртасида ишонч кўпригини барпо этган бўлса, энди бизнинг авлодимиз одамлар ва халқлар ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлашдек тарихий вазифани адо этиши лозим.
Биз кўпинча цивилизациялар мулоқоти ҳақида гапирамиз. Аммо чуқурроқ ўйлаб қарасак, цивилизациялар ўз-ўзидан мулоқот қилмайди. Мулоқотни одамлар олиб боради. Айнан одамлар бир-бирини қай даражада яхши билиши, йигирма-ўттиз йилдан кейин мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг қандай бўлишини белгилайди. Менимча, биз қизиқ бир парадоксга дуч келмоқдамиз. Биз очиқ чегаралар, рақамли технологиялар ва тезкор ахборот даврида яшаяпмиз. Дунёнинг энг олис бурчаклари ҳақида кўп нарсани биламиз. Бироқ, ҳайратланарлиси, қўшниларимиз ҳақида жуда кам маълумотга эгамиз.
Биз умумий Евросиё макони ва энг муҳими умумий келажак боғлаб турган халқларнинг тарихи, адабиёти, маданияти, анъаналари ва турмуш тарзини етарлича билмаймиз. Аслида эса айнан билмаслик кўпинча ишончсизлик, бир-бирига нисбатан салбий тасаввурлар ва стереотипларнинг шаклланишига замин яратади. Шунинг учун менимча, бугунги кунда ШҲТнинг гуманитар миссияси фақат конференциялар, форумлар ёки фестиваллар ташкил этишдан иборат эмас. Энг асосий вазифа одамлар бир-бирини билиши учун шароит яратишдир.
Мактаб ўқувчилари, талабалар, ёш олимлар, ўқитувчилар ва маданият арбоблари бир-бири билан эркин мулоқот қилиши, бирга таълим олиши, илмий изланишлар олиб бориши ва ижод қилиши учун кенг имкониятлар яратишимиз лозим.
Тарих бизга бир ҳақиқатни ўргатади: ишонч фақат музокаралар столи атрофида шаклланмайди. У болалар бирга таълим олганда, талабалар ўртасида дўстлик ришталари мустаҳкамланганда, ёш олимлар қўшма тадқиқотлар олиб борганда, оилалар бир-бирига меҳмон бўлиб борганда ва қўшнилар бир-бирини бегона эмас, яқин инсон сифатида қабул қилганда қарор топади.
Мен шундай кун келишини истардимки, ШҲТга аъзо исталган мамлакатнинг ёш фуқароси учун таълим олиш, илмий изланишлар олиб бориш ёки жамоатчилик фаолиятининг муайян босқичини қўшни ШҲТ мамлакатида амалга ошириш, бугун дунёнинг етакчи мамлакатларида таҳсил олишга интилиш қанчалик табиий бўлса, шунчалик оддий ва табиий ҳолга айлансин.
Зеро, қўшнини англаш ва унга ишонч туйғусини шакллантириш йигирма ёшда эмас, балки болаликдан – ўн икки ёшдан бошланиши керак.

Тасаввур қилинг, агар ШҲТга аъзо мамлакатдаги ҳар бир мактаб бошқа бир аъзо давлатдаги ҳамкор мактаб билан доимий алоқаларни йўлга қўйса. Болалар онлайн мулоқот қилса, қўшма таълим ва ижодий лойиҳаларни амалга оширса, бир-бирининг тарихи, маданияти ва миллий байрамларини ўрганса, бир неча йилдан сўнг энг фаол ўқувчилар ҳамкор мамлакатларга бориб, ўзаро тажриба алмашиш имкониятига эга бўлса, ана шунда қўшни мамлакат улар учун харитадаги ном ёки мавҳум тушунча эмас, балки дўстлари яшайдиган, яхши таниш ва яқин масканга айланади.
Мен шундай келажакни тасаввур қиламанки, йигирма йилдан кейин бир ёш инсон шундай дейди:
«Мен Бишкекда туғилганман. Мактабда ўқиганимда Сиандаги дўстим билан мунтазам хат ёзишардим. Талабалик йилларимда бир семестр Деҳлида таҳсил олдим. Қозонда илмий тадқиқотлар олиб бордим. Тошкентда қўшма лойиҳада иштирок этдим. Бугун эса менинг энг яқин дўстларим Хитой, Покистон, Эрон ва бошқа ШҲТ мамлакатларида яшайди. Шунинг учун ҳам мен қўшниларимдан қўрқмайман, чунки мен уларни тушунаман.»
Ана шундагина ШҲТнинг гуманитар миссияси тўлақонли рўёбга чиққанини айтиш мумкин бўлади.
Бугун Европа Иттифоқининг энг муваффақиятли гуманитар ташаббусларидан бири сифатида тан олинган Erasmus дастури миллионлаб ёшларга Европани шахсий тажриба орқали англаш, бошқа халқларнинг маданияти ва қадриятларини яқиндан билиш имконини берди.
ШҲТ ҳам ўзининг цивилизацион хусусияти ва маданий хилма-хиллигини акс эттирувчи бетакрор гуманитар ташаббусни амалга ошириш салоҳиятига эга. Зеро, ШҲТ нафақат давлатларни, балки хитой, ҳинд, ислом, православ, христиан ва Марказий Осиё каби буюк цивилизацияларни бирлаштириб турган ноёб макондир.
Шу нуқтаи назардан, нима учун «ШҲТ цивилизациялари стипендия жамғармаси»ни ташкил этмаслик керак? Балки айнан шундай ташаббус келгусида ШҲТнинг энг ёрқин ва танилган рамзларидан бирига айланар.
Бу оддий академик алмашинув дастури бўлмаслиги лозим. У ёшларга қўшни цивилизациянинг тили, тарихи, фалсафаси, адабиёти ва анъаналарини чуқур ўрганиш, унинг университетлари, илмий лабораториялари, музейлари ва маданий муассасаларида фаолият юритиш, халқининг кундалик ҳаёти билан яқиндан танишиш имконини бериши керак. Энг муҳими, улар Ватанига нафақат диплом ва илмий тажриба, балки бошқа маданиятни англаш, ҳурмат қилиш ва ишонч кўпригига айланган инсон сифатида қайтишлари лозим.
Ўтган йигирма беш йил давомида ШҲТ тинчлик, хавфсизлик, барқарорлик ва кўп томонлама ҳамкорликнинг ишончли платформаси эканини исботлади. Энди эса ташкилот олдида янада юксак вазифа – халқлар ва инсонлар ўртасида ўзаро ишонч маконини шакллантириш имконияти турибди.
Чунки барқарор тинчлик фақат давлатлар ўртасида имзоланган келишувлар билан таъминланмайди. У, энг аввало, одамлар қалбида шаклланган ўзаро ишонч, ҳурмат ва англашдан бошланади.
Агар ШҲТ мамлакатларимиз халқларига бир-бирини яқиндан билиш, чуқурроқ англаш ва мустаҳкам ишонч муҳитини шакллантиришга хизмат қила олса, бу унинг нафақат бугунги, балки бутун Евросиё келажагига қўшган энг катта ва энг барқарор ҳиссаси бўлади.
Муҳаммаджон Обидов ЎзА,
Бишкекдан тайёрланди