ШҲТ Халқ дипломатияси маркази билан ҳамкорликка оид меморандум имзоланди
Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси ҳамда Ўзбекистондаги Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)нинг Халқ дипломатияси маркази ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
Мазкур меморандум халқ дипломатиясини тизимли асосда ривожлантириш, миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлаш, шунингдек, халқаро гуманитар алоқаларни кенгайтиришга қаратилган қўшма лойиҳалар ва ташаббусларни амалга оширишни назарда тутади.

Шунингдек, меморандумдаги устувор ҳамкорлик ишларини амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланиб, йўналишлар, аниқ чоралар ва қўшма тадбирлар белгилаб олинди.
Меморандумни имзолаш доирасида “Халқ дипломатияси – тинчлик сари биргаликда қадам” номли китоб тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
Тақдимот давомида иштирокчилар халқ дипломатиясининг замонавий халқаро муносабатлардаги ўрни ва аҳамияти юзасидан фикр алмашди.
Н.Абдураимова, ЎзА