Шерзод Ниязимбетов: “меҳнат, изланиш, албатта ўз самарасини беради” (+видео)
Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туманидаги “Биогумус” фермер хўжалиги томонидан 2018 йилдан буён “Қуёшда қуритилган экологик тоза органик помидор ишлаб чиқариш ва экспортни кенгайтириш” лойиҳаси амалга ошириб келинмоқда.
Лойиҳани кенгайтириш ҳамда модернизация қилиш мақсадида 2022 йилда 5,7 миллиард сўм маблағ ҳисобига Хитойдан қуввати 300 тонналик музлаткичли омборхона ва замонавий қадоқлаш ускуналари олиб келиб ўрнатилди. Лойиҳа доирасида 30 та доимий ва 160 та мавсумий иш ўрни яратилди.
Бугунги кунда фермер хўжалиги томонидан 60 гектар майдонда Италиянинг Сан-Марсано помидор нави етиштирилмоқда. Йилига 1,2 минг тонна ялпи ҳосил олинади ва 110 тонна қайта ишланган (қуритилган) органик помидор маҳсулоти ишлаб чиқарилади. Таъкидлаш жоизки мазкур помидор нави қуритиш учун мўлжалланган бўлиб, Италиядан импорт қилинади ҳамда органик ўғитлар билан бойитилган ерларда етиштирилади. Бундан ташқари, ушбу нав Оролбўйининг қуруқ ва иссиқ иқлим шароитида етиштириш ва қуритиш учун қулай ҳисобланади.
[gallery-24412]
Фермер хўжалиги томонидан қайта ишланган помидор маҳсулотлари Ecocert organic standart ва ISO 22000:2018 халқаро сифат сертификатларига эга. Натижада, ҳозирда қуритилган органик помидор маҳсулотлари Италия ва Франция давлатларига ҳар килоси 5,5-6,2 доллардан экспорт қилинмоқда.
–Энг дастлаб 2000 йиллар бошида дадам органик маҳсулотлар ишлаб чиқариш лойиҳаси билан шуғулланган. Ўша пайтлар тадбиркорликни ривожлантириш, уларни қўллаб-қувватлашга эътибор бўлмагани сабабли ёпилиб қолди. Бугунги кунда Президентимиз томонидан ёшларга қаратилаётган алоҳида эътибордан руҳланган ҳолда фермер хўжалигини ташкил этдим. Ёшлар куни муносабати билан Тошкент шаҳрида Президентимиз билан учрашувим унутилмас воқеа бўлди. Юртбошимиз келгусида ишларимизни янада кенгайтириш бўйича қимматли таклифларини берди. Келажакда органик помидор маҳсулотларини қайта ишлайдиган завод қуришни режалаштиряпмиз. Бу ерда нафақат ўзимизда, балки бошқа фермер хўжаликларида етиштирилган маҳсулотлар қайта ишланади. Шунинг натижасида кўплаб иш ўринлари яратилади, – дейди "Биогумус" фермер хўжалиги раҳбари, “Келажак бунёдкори” медали соҳиби, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Шерзод Ниязимбетов.
Сўнгги йилларда Туркия, Франция ва Италияда органик маҳсулотларга хусусан, қайта ишланган помидор маҳсулотига талаб ортмоқда. Мисол учун, хорижий ҳамкорлар томонидан тадбиркордан 2 минг тонна маҳсулотга (10-12 миллион долл) талаб мавжуд бўлиб, амалда 250-300 тонна маҳсулот етказиб берилмоқда. 2022 йилда 110 минг евролик, 2023 йилда 182 минг евролик, 2024 йилда 101 минг евролик маҳсулотлар экспорт қилинган. Жорий йил август ойида экспорт қилиш учун 140 минг евролик маҳсулот тайёрланмоқда.
Мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Шунинг натижасида Қорақалпоғистон Республикаси ҳам ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича илғор ҳудудлардан бирига айланди. Байрам муносабати билан давлатимиз раҳбарининг ёшларга мурожаатида таъкидлаганидек, фарзандлари билимли, соғлом, мард ва жасур, доимо олдинга интилиб яшайдиган халқ ва давлатнинг келажаги албатта ёруғ бўлади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/t6_cWoE4Ewg" title="Sherzod Niyazimbetov: “mehnat, izlanish, albatta o‘z samarasini beradi”" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА