Шерободдаги йирик иссиқхона мажмуасида иш қизғин
Президентимизнинг жорий йил 25 мартдаги “Аҳолини куз-қиш мавсумларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан барқарор таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида 940 гектар замонавий, энергия тежамкор иссиқхона мажмуаси бунёд этилмоқда.
Халқимизнинг маъмурчилик манбаига айланадиган ҳудудда ишларни тизимли, қулай ва самарали йўлга қўйиш учун “Сурхон-Агро” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилиб, бу ерда маҳсулот етиштирадиган тадбиркорларга қатор имтиёзлар берилмоқда. Комплекс ишончли электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва оқова сув билан таъминланаётир.
– Йирик мажмуани етарли оқова сув билан таъминлаш учун Шеробод туманидаги Р 13 каналининг 15 километри сиғими 2,5 куб-метрдан 6 куб-метрга айлантирилмоқда, – дейди “Сурхондарё сув қурилиш инвест” корхонаси директори Маҳмуд Зоиров. – Шу кунларда тозалаш, кенгайтириш ишларини олиб боряпмиз. Бетон ётқизишга тайёрланяпти. Шунингдек, 35 километр масофадаги коллектор тозаланмоқда. Барча ишларни тез ва сифатли бажаришни режалаштириб олганмиз.
Янги иссиқхона комплексини табиий газ билан таъминлаш учун “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали ишчилари ҳам қизғин меҳнат қилмоқда.

– Мажмуага 20 километр масофадан табиий газ қувури тортиб келинади, – дейди филиалнинг Шеробод тумани газ таъминоти бўлими бошлиғи Аброр Ҳайдаров. – Ҳозир икки бригада жалб этилиб, 219 диаметрли газ қувури тортилмоқда. Қисқа вақтда икки чақиримдан ортиқ газ қувури монтаж қилинди. Ишлар уюшқоқлик билан давом этмоқда.
Эркин иқтисодий зонани тоза ичимлик суви билан таъминлаш учун 7,1 километр масофага қувур ётқизилади. Шу кунгача бунёдкорлар уч километрдан ортиқ қувур тортди. Бу иш амалга оширилгач, канализация тармоқлари ҳам барпо этилади. Мажмуага бир йўла юқори кучланишли электр тармоқлари ҳам ўрнатилаётир.

Мутахассисларнинг айтишича, иссиқхона мажмуаси тўлиқ ишга тушгач, йилига 126 минг тоннадан ортиқ маҳсулот етиштирилади. 18 минг тоннаси шу ерда қайта ишланиб, 6 минг 300 доимий ва 8 минг мавсумий иш ўрни яратилади. Лойиҳа ҳудудда қишлоқ хўжалигини модернизация қилиб, вилоятнинг экспорт салоҳиятини оширади. Энергия тежамкорлигига хизмат қилади. Эркин иқтисодий зона иштирокчиларига алоҳида солиқ, божхона имтиёзлари ва бошқа преференциялар қўлланилади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири