Шахматдан киберспортгача: Қўқонда спорт мусобақалари бошланди
Қўқон давлат университети ташаббуси билан Қўқон шаҳрининг 68 та маҳалласида истиқомат қилувчи ёшларни спортга кенг жалб этиш, уларнинг ёзги таътилини мазмунли ташкил этиш ҳамда соғлом турмуш тарзини оммалаштириш мақсадида ташкил этилган ёзги спорт мусобақаларига старт берилди.
"Долзарб 90 кун" дастури доирасида ўтказилаётган мазкур мусобақалар ёшларнинг бўш вақтини самарали ташкил этиш, уларнинг жисмоний фаоллигини ошириш ҳамда маҳаллаларда соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Мусобақаларнинг очилиш маросимида Қўқон шаҳар ҳокими Маруфжон Усмонов, Қўқон давлат университети ректори Дилноза Ходжаева, шаҳар мутасаддилари, спорт соҳаси вакиллари, маҳалла фаоллари ҳамда ёшлар иштирок этди.

Таъкидланганидек, спорт нафақат жисмоний чиниқиш, балки ёшлар ўртасида дўстлик, ҳамжиҳатлик, ирода ва интизом каби фазилатларни шакллантиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу боис мазкур мусобақалар ёшларнинг спортга бўлган қизиқишини янада ошириш, иқтидорли спортчиларни аниқлаш ҳамда уларни келгусидаги йирик мусобақаларга тайёрлашга хизмат қилади.
Мусобақалар дастуридан шахмат ва шашка, волейбол, баскетбол 3х3, армрестлинг, регби-7, стол тенниси, енгил атлетика ҳамда киберспорт йўналишлари ўрин олган. Ҳар бир спорт тури бўйича маҳаллалардан шакллантирилган жамоалар ва спортчилар ўзаро беллашиб, ғолиблик учун кураш олиб боради.

Спорт фестивали доирасидаги илк мусобақалардан бири бўлган воркаут баҳслари ҳам юқори савияда ташкил этилди. Қўқон шаҳар Ёшлар боғида ўтказилган мусобақада шаҳарнинг 68 та маҳалласидан 156 нафар ёш иштирок этиб, ўзининг жисмоний тайёргарлиги, кучи, чидамлилиги ва маҳоратини намойиш этди.
Ёзги спорт фестивали доирасидаги баҳслар эндиликда бошқа спорт турлари бўйича ҳам давом этади. Жумладан, иштирокчилар шахмат ва шашка, волейбол, киберспорт, баскетбол, армрестлинг, регби-7, стол тенниси ҳамда енгил атлетика йўналишларида ўзаро куч синашади.

М.Қосимова, ЎзА