Шахмат: Ўзбекистон чемпионлари аниқланди
Андижонда шахмат бўйича мактаб ўқувчилари ўртасида ўтаётган Ўзбекистон чемпионатининг стандарт йўналиши бўйича 7-17 ёш тоифасидаги баҳслар ниҳоясига етди.
Ўзига хос интеллектуал жанглар майдони бўлган баҳсларда ёш шахматчиларимиз шахматнинг жозибаси ва мураккаблигини намойиш этмоқда.
Ҳар бир ўйинчи ўзининг ақл-заковатини синовдан ўтказиб, шахмат тахтасида “ақл гимнастикаси”нинг янги уфқларини забт этиш сирларини ўзлаштирди.

Кеча чемпионатнинг стандарт йўналиши бўйича ғолиб ва совриндорлар номи маълум бўлди.
Унга кўра, қиз болалар гуруҳида ўз ёш тоифаларида Моҳинур Азамхўжаева, Мадинабону Асадова, Сарвиноз Бегмуратова, Нилуфар Имомқўзиева Мадинабону Халилова, ўғил болалар орасида эса Нурмуҳаммад Неъматиллахонов, Иброҳим Жуманазаров, Билолиддин Обидов, Саидхон Ашикмамутов, Хондамир Элмирзаев чемпион бўлди.

Мамлакатимиз шахмат чемпионатлари тарихида энг кўп иштирокчини жамлаган мусобақанинг бугунги баҳсларида рапид, эртага блиц йўналишида Ўзбекистон чемпионлари номи маълум бўлади.
Т.Рўзиев, ЎзА