Шахмат: Осиё кубогининг бугунги баҳсида йигитларимиз Непал, қизларимиз Ҳиндистон билан беллашади
Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳрида давом этаётган шахмат бўйича Осиё миллатлар кубогида Ўзбекистон эркаклар ва аёллар терма жамоалари навбатдаги тур ўйинларини ўтказди.
Бир кун муқаддам 5-турда Шри-Ланкани 3,5:0,5 ҳисобида мағлуб этган Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси аъзолари кеча ўтган 6-тур баҳсида Қозоғистон жамоаси билан баҳс олиб борди ва 1,5:2,5 кўринишида имкониятни бой берди.

Афруза Ҳамдамова, Умида Омонова, Гулруҳбегим Тоҳиржонова, Нилуфархон Имомқўзиевадан ташкил топган шахматчи қизларимиз қитъа кубогининг кеча якунланган 4-тур мусобақасида дунёнинг энг кучли аёллар жамоаси ҳисобланган Хитой вакиллари билан 2:2 ҳисобидаги дурангга эришди.

Ушбу натижадан кейин шахматчи қизларимиз 5 очко билан 3-ўринга кўтарилди.
Бугун, 15 ноябрь куни ўтадиган 7-турда Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Непал билан, аёллар жамоаси эса 5-турда Ҳиндистон билан баҳс олиб боради.
Т.Рўзиев,
ЎзА