Шахмат олимпиадаси: Абдусатторовнинг бугунги рақиби XVII жаҳон чемпиони
Бугун, 23 сентябрь куни 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг 7-тур ўйинлари бўлиб ўтади.
Мазкур турда Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев, Муҳиддин Мадаминовдан иборат Ўзбекистон-1 жамоаси Хитой жамоаси билан куч синашади.

Унда Нодирбек Абдусатторов биринчи тахтада 17-жаҳон чемпиони Дин Лижэн билан, Жавоҳир Синдоров қатор халқаро турнирлар ғолиби, Осиё чемпиони Вэй И билан Нодирбек Ёқуббоев 2014 йилги шахмат олимпиадаси ғолиби Юй Янъи билан, Муҳиддин Мадаминов 27 ёшли Сянюй Сюй билан рўбарў келади.

Шунингдек, ушбу турда Ўзбекистон-2 жамоаси Франция, Ўзбекистон-3 вакиллари Жанубий Африка жамоалари билан куч синашади.
Ушбу турда ўтадиган Арманистон – АҚШ, Англия – Ҳиндистон, Германия – Туркия ўйинлари олимпиаданинг марказий мусобақалари сифатида кўпчиликнинг эътибор марказида бўлади.

Хотин-қизлар мусобақасининг 7-турида Афруза Ҳамдамова, Гулруҳбегим Тоҳиржонова, Нилуфархон Имомқўзиева, Гулдона Каримова дона сурадиган Ўзбекистон-1 жамоаси Словенияга қаршилик кўрсатса, Ўзбекистон-2 Тожикистон ва Ўзбекистон-3 шахматчи қизлари Перу жамоаси билан тўқнаш келади.

Айтиш жоизки, аёллар ўртасидаги шахмат олимпиадасининг бугунги Хитой – Қозоғистон, Германия – Ҳиндистон, Польша – Грузия, Украина – Болгария, Арманистон – Озарбайжон баҳслари совринли ўринларга даъвогарлар мусобақаси сифатида талқин этилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 11 та турдан иборат шахмат олимпиадаси 27 сентябрга қадар давом этади.
Т. Рўзиев, ЎзА