“Шахмат лигаси”нинг кучлилари аниқланди
Пойтахтимиздаги “Китоблар олами” мажмуасида корхона ва ташкилотлар ходимлари ўртасида ўтказиладиган “Шахмат лигаси” мусобақасининг республика финал босқичи баҳслари ташкил этилди.
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 8 майдаги "2026 йил Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига комплекс тайёргарлик кўриш ҳамда шахматни оммавий ҳаракатга айлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида мамлакатимиздаги корхона ва ташкилот ходимлари ўртасида ҳар йили шахмат бўйича туман – ҳудуд – республика босқичларидан иборат “Шахмат лигаси” мусобақаларини ўтказиш белгиланган.
Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида юртимиздаги турли ташкилот ва корхоналарда йил давомида “Шахмат лигаси” турнирининг саралаш беллашувлари уюшқоқлик билан ўтказилди.
Саралаш баҳсларида ўз иқтидорини намойиш этганлар куни кеча пойтахтимиздаги “Китоблар олами” мажмуасида “Шахмат лигаси”нинг “ақл жанглари”да рўбарў келди.
Муросасиз баҳслар натижасида ҳудудлардаги корхона ва ташкилотларда фаолият кўрсатаётган 18 нафар ишчи-хизматчилар финал босқичида ўзаро куч синашди.
Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган “Шахмат лигаси” мусобақаси якунида эркаклар ўртасида совринли ўринларга сурхондарёлик Набижон Норбоев, сирдарёлик Отабек Ҳайлаев, андижонлик Нажмиддин Умаров эга чиққан бўлса, аёллар орасида Тошкент вилоятидан Шахзодахон Шермуҳаммедова, хоразмлик Дилноза Алибекова, андижонлик Мавлуда Маҳкамова “Шахмат лигаси”нинг совриндорлари бўлди.
Мусобақанинг ғолиб ва совриндорлари ҳамда номинация ғолиблари Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси, Ёшлар ишлари агентлиги ва хомийлар томонидан муносиб рағбатлантирилди.
Т. Рўзиев, ЎзА