Шахмат бўйича вилоят чемпионати ўтказилди
Сирдарё вилоят Ёшлар марказида спортнинг шахмат тури бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида вилоят чемпионати ташкил этилди. Мусобақа ёшлар ўртасида интеллектуал спортни ривожлантириш, мантиқий фикрлаш ва стратегик тафаккурни оширишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Чемпионатда вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан саралаб олинган жами 6 нафар шахматчи — 3 нафар эркак ва 3 нафар аёл иштирок этди.
Беллашувлар 9 турдан иборат бўлиб, швейцарча тизим асосида юқори рақобат муҳитида ўтказилди. Ҳар бир партияда иштирокчиларнинг тайёргарлиги, тезкор фикрлаш қобилияти ва тактик ёндашуви синовдан ўтди.

Мусобақа якунида эркаклар ўртасида Боёвут туманидан иштирок этган Абдуғани Очилов ишончли ўйин кўрсатиб, 1-ўринни қўлга киритди. Аёллар гуруҳида эса Боёвут тумани мактаб ўқувчиси Малика Жумаева барча рақибларини ортда қолдириб, ғолиб бўлди.
Ташкилотчилар таъкидлашича, бундай мусобақалар ёшлар ўртасида шахматга бўлган қизиқишни янада ошириш, уларни интеллектуал ривожлантириш ҳамда вилоят миқёсида кучли шахматчилар захирасини шакллантиришга хизмат қилади.

Ғолиблар ва фаол иштирокчилар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ғулом Примов, ЎзА