Шахмат: 2027 йилги Жаҳон кубогининг илк йўлланмалари сони тасдиқланди
Самарқандда ўтган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси келгуси йилги Жаҳон кубогининг илк йўлланмалари сонига аниқлик киритди.
Куни кеча Халқаро шахмат федерацияси Самарқандда поёнига етган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси натижаларига кўра, келаси йилги Жаҳон кубоги учун ажратилган дастлабки йўлланмалар сонини эълон қилди.

Айтиш лозимки, FIDE қоидасига асосан ҳар бир миллий федерация олимпиадада қатнашган жамоаси аъзоларидан бирини Жаҳон кубоги иштирокчиси сифатида танлаши мумкин. Агар барча аъзолар саралаш мусобақалари орқали Жаҳон кубоги “чиптаси”га эга бўлса, федерация Жаҳон кубогида қатнашишга бошқа шахматчини номзод сифатида кўрсатиш ҳуқуқига эга.
46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида ғолибликка эришган мамлакатимиз эркаклар жамоаси ҳамда аёллар йўналишида 13-ўриндан жой олган мамлакатимиз шахматчи қизлари 2027 йилги Жаҳон кубогининг 1 тадан йўлланмаси соҳиби бўлди. Яъни, мамлакатимиз шахматчилари очиқ ва аёллар мусобақаси учун 2 та йўлланмага эга чиқди.
Жаҳон шахмат тожи учун курашиш йўлидаги Номзодлар мусобақасида қатнашиш имкониятини тақдим этадиган 2027 йилги Жаҳон кубогининг очиқ баҳсларида 224 нафар, аёллар мусобақасида 128 нафар шахматчи қатнашиши белгиланган.

Ҳозирда Самарқанд олимпиадасида қатнашган миллий терма жамоаларнинг натижаларидан келиб чиқиб, умумий ҳисобда олимпиада натижалари орқали очиқ йўналишда 83 та, аёллар йўналишида 45 та миллий федерация Жаҳон кубоги йўлланмасини қўлга киритди.
Яна бир эътиборли жиҳат, очиқ ва аёллар мусобақасининг умумий мукофот жамғармаси сезиларли даражада оширилди. 2025 йили ўтган Жаҳон кубогида умумий мукофот суммаси 2,67 миллион доллардан иборат бўлган бўлса, 2027 йилги жаҳон кубогининг мукофот жамғармаси 3,3 миллион долларгача белгиланди.
Шунингдек, 2027 йилги Жаҳон кубогида қатнашадиган шахматчиларни аниқлашда “FIDE Grand Swiss va FIDE Women's Grand Swiss” финал турнирларининг энг яхши тўртта ўйинчиси тўғридан-тўғри йўлланма олади.
Бундан ташқари, 2026 йилги “Total Chess” чемпионати ғолиби Жаҳон кубогида қатнашиш имконига эга бўлади.
Яна бир ўзига хос жиҳат, ҳар бир қитъа учун ажратилган саралаш ўринлари сони еттитага оширилди.
Эслатиб ўтамиз, Халқаро шахмат федерацияси 2027 йилги Жаҳон кубоги қатнашчиларининг якуний рўйхатини келгуси йилнинг июль ойига қадар ташкил этиладиган нуфузли мусобақалардан сўнг эълон қилишни режалаштирмоқда.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА