Шашмақом санъати Европа марказида намойиш этилди
Бельгиянинг «Мольер» театрида Шашмақом санъати, ўзбек анъанавий ва халқ мусиқа мероси намуналарининг моҳир ижрочиси Гулзода Худойназарованинг концерти бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ва Бенилюкс давлатлари ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишланган мазкур тадбирда Бельгияда аккредитациядан ўтган дипломатия корпуси вакиллари, шунингдек, ушбу мамлакатнинг санъат ва маданият арбоблари иштирок этди.
Тадбир том маънода Брюссель жамоатчилиги орасида катта қизиқиш уйғотди. Ўзбек мумтоз ва миллий ашулачилик санъати устаси ижросидаги маданий дастур намойиши санъат ихлосмандларининг гулдурос олқишларига сазовор бўлди.
Бўлиб ўтган суҳбат чоғида ушбу концерт Ўзбекистон ва Бельгия ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга камтарин ҳисса қўша олган бўлса, ўзини бахтиёр ҳисоблашини айтди.
– Ўзбекистон ва Бельгия ўртасидаги икки томонлама дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлаш арафасида машҳур «Мольер» театри саҳнасида чиқиш қилаётганимиз рамзий маънога эга, – дейди Гулзода Худойназарова. – Европа жамоатчилигида ўзбек миллий санъатига катта ва чинакам қизиқиш мавжуд эканлигига яна бир бор амин бўлдик.
Маълумки, Шашмақом яхлит бадиий концепцияни ўзида мужассам этган бўлиб, мусиқа ва эстетикадан ташқари, фалсафий ва ахлоқий жиҳатларни ҳам ўз ичига олади.
“Мольер” театри бадиий раҳбари Питер Варупай Ўзбекистоннинг бой мусиқа санъати бугунги кунда Европа жамоатчилиги эътиборини яна ўзига тортаётганини таъкидлади.
– Шашмақом санъатида азалий қадриятлар билан замонавийлик қудрати ўртасида чуқур боғлиқлик борлиги яққол кўзга ташланади, – деди Питер Варупай.– Европа санъатшунослари ЮНЕСКО тимсолида энди жаҳон ҳамжамиятининг нигоҳи мусиқий қадриятлар хазинаси бўлмиш Ўзбекистонга қаратилганини билишади. Энг кўҳна тамаддун марказлари – Самарқанд, Шаҳрисабз, Термиз, Хива ва Қўқоннинг диққатга сазовор меъморий ёдгорликлари фонида халқаро мусиқа фестиваллар ва форумларнинг мунтазам ўтказилаётгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди. Бугун намойиш этилган концерт дастури Ўзбекистон маданияти ва санъатига қизиқиш тобора ортиб бораётганини яна бир карра тасдиқлади.
ЎзА