Шарап Уснатдинов хотирланди
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида таниқли давлат ва жамоат арбоби, журналист ва ёзувчи, марҳум Шарап Уснатдиновнинг 80 йиллигига бағишланган “Қорақалпоқ адабиёти ва журналистикаси фидойиси” номли хотира кечаси бўлиб ўтди.
Унда ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунослар, адабиёт ихлосмандлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Иштирокчилар дастлаб адибнинг ҳаёт йўли ва ижодига бағишланган ҳужжатли фильмни томоша қилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда миллий маданиятимиз, маънавиятимиз ва адабиётимизни юксалтиришга, айниқса, бу борада самарали меҳнат қилган ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилиб, қатор эзгу ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йил давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” деб номланиши ҳам жамиятимизнинг ҳар бир аъзосига бўлган юксак эътибор намунасидир.
Халқимизнинг азиз фарзанди, ўз ижод йўли, ўз қалами, ўткир фикрига эга бўлган таниқли журналист ҳамда ёзувчи Шарап Уснатдинов халқ манфаати, мамлакат ривожи, юрт келажаги учун фидойилик кўрсатган, ижод қилган инсонлардан бири эди. Унинг кундалик ҳаётдаги аҳамиятли масалаларга бағишланган публицистик мақолалари билан бирга, кўплаб бадиий асарлари халқимиз томонидан илиқ кутиб олинди.
Кенг жамоатчилик уни таниқли ёзувчи, журналист сифатидагина таниб қолмасдан, юртимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган давлат ва жамоат арбоби сифатида ҳам алоҳида ҳурмат қилади. У қайси лавозимда фаолият олиб борса ҳам, ўзини меҳнатсевар, изланувчан, теран билимли, моҳир ташкилотчи сифатида танита олди ҳамда халқимиз орасида катта ҳурмат-иззатга эришди.
У Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати сифатида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида, шунингдек, муҳим қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнларида, уларнинг ижросини таъминлашда ҳам фаол иштирок этди.
[gallery-6337]
Шарап Уснатдиновнинг кўп йиллик меҳнатлари муносиб баҳоланиб, “Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист”, “Қорақалпоғистон Республикаси халқ ёзувчиси” фахрий унвонлари, “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланди.
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 24 августдаги “Мамлакатимизда маданият ва санъат, адабиёт, оммавий ахборот воситалари соҳаларини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган бир гуруҳ марҳум ижодкорларни мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, авлодларга қолдирган бой мероси, сермазмун ҳаёти ва ибратли инсоний фазилатлари билан эл-юртимиз қалбидан чуқур жой эгаллаган бир гуруҳ марҳум ижодкорлар мукофотланди. Улар орасида Қорақалпоғистон Республикаси халқ ёзувчиси Шарап Уснатдинов ҳам “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланди.
Таниқли давлат ва жамоат арбоби, журналист ва ёзувчининг 80 йиллиги муносабати билан унинг ҳаёт йўли ва ижоди тўғрисида “Билим” нашриёти томонидан “Мерос”, “Салмоқли сўз айтиш бахти” китобларининг нашрдан чиқиши, “Маҳалла” телеканали томонидан ҳужжатли фильмнинг тасвирга олиниши устозга бўлган ҳурматнинг яна бир исботидир.
Тадбирда санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА