Шарафли касб эгалари тақдирланди
Қашқадарё вилоятида Тиббиёт ходимлари куни кенг нишонланди.
Аввал бир гуруҳ тиббиёт ходимлари «Абу Муин Насафий» мажмуаси ва Қарши шаҳридаги «Қатағон қурбонлари» музейига бўйлаб саёҳат қилишди.
Тантанали тадбирда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев Президентимизнинг Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.
2017-2021 йилларда вилоят бўйича 312 янги хусусий тиббиёт муассасаси фаолиятини бошлади ва уларнинг сони 558 тага етди. Мазкур муассасалардаги ўринлар сони 2885 тани ташкил этади. Уларда 1142 нафар шифокор, 1676 нафар ўрта тиббиёт ходими ва 640 нафар бошқа ходимлар фаолият юритиб келмоқда.
[gallery-4666]
Жорий йилда 8 та маҳаллада оилавий шифокорлик пунктлари, 1 та маҳаллада оилавий поликлиника ташкил этилди. Келгуси икки йил давомида 17 та оилавий шифокорлик пункти ҳамда 4 та оилавий поликлиника фаолияти йўлга қўйилади. Бугунги кунда вилоятдаги 12 та чекка ва олис ҳудудлар аҳолиси ҳам оилавий шифокор томонидан кўрсатиладиган тиббий хизмат билан тўлиқ қамраб олинди. Бу ерда фаолият олиб бораётган шифокорларга берилган имтиёзлардан тўлиқ фойдаланиш имконияти яратилди.
Тадбир давомида вилоят ҳокими бир гуруҳ соҳа фидойиларини фахрий ёрлиқ билан тақдирлади.
Жамшид НОРҚОБИЛОВ (сурат), ЎзА