Шаҳрисабзнинг миллионер деҳқонлари
Мамлакатимизда тадбиркорлик қилиш учун барча шароитлар яратилган. Ҳалол меҳнатдан қочмаган, изланувчан, ташаббускор юртдошларимиз турли соҳаларда ўз бизнесини йўлга қўйиб, катта-катта ютуқларга эришаётгани, бундан эса давлат ва жамият ҳам катта наф кўраётгани бор гап.
Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани мисолида оладиган бўлсак, мазкур ҳудудда ҳам кичик бизнес жадал ривожланяпти. Кимдир томорқачиликда, яна кимдир ҳунармандчилик, касаначилик ва бошқа йўналишларда меҳнат қилиб, изланиб, яхши даромад олиш йўлини топган. Бу эса ҳудуднинг иқтисодий салоҳияти юксалиши ва одамларнинг турмуш фаровонлиги ошиб боришини таъминламоқда.
Хабарингиз бор: мева, сабзавот, полиз каби озиқ-овқат маҳсулотларини очиқ майдонларда етиштириб яхши даромад олиш мумкин, бироқ буларни иссиқхона шароитида етиштирса, самараси янада юқори бўлади. Амалиётда маълум, оддий иссиқхона очиқ майдонга қараганда камида 3-4 баравар, юқори технологиялар билан жиҳозланганда эса 10 баравар ва ундан ҳам кўпроқ даромад олиш имконини беради. Дейлик, помидор ёки бодрингни очиқ томорқада мавсум давомида бир марта етиштириш имкони бўлса, иссиқхона шароитида уларни икки ва ҳатто уч маротабагача экиб, ҳосил олиш мумкин.
Шаҳрисабз туманида фаолият юритаётган “Бекзод Маликов” масъулияти чекланган жамияти таъсисчилари ҳам шуни инобатга олган ҳолда иссиқхона шароитида сабзавот етиштиришни йўлга қўйган. Айни вақтда жамият тасарруфидаги 5 гектарлик йирик иссиқхона комплексида бодринг, помидор, қалампир ва булғор қалампири парваришланмоқда.
– Бу йил иссиқхонанинг 2 гектар майдонига бодринг, 2,5 гектарига помидор ва қолган қисмига қалампир ҳамда булғор қалампири экканмиз, – дейди жамият иш юритувчиси Алишер Раҳматов. – Ушбу экинлар кўчатларини февраль ойи бошида иссиқхонага ўтқазган эдик. Айни вақтга келиб, бодрингларимиз тайёр бўлди. Уларни пешма-пеш маҳаллий истеъмолчиларга бозорга етказиб бераяпмиз. Яна бир неча кундан сўнг эса помидор ҳамда қалампир ва булғор қалампирини ҳам бозорга чиқаришни бошлаймиз.
Алишер Раҳматовнинг айтишича, жорий йилнинг январь ойида мамлакатимизда кузатилган қаттиқ совуқ мазкур корхонанинг фаолиятига ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмаган. Шу боис бу экинлар ҳосили бироз кеч тайёр бўлган. Ўтган йили эса март ойининг ўрталариданоқ бозорга помидор ва бодринг чиқаришни бошлашган экан. Шунга қарамай, бу йил ҳам тадбиркор каттагина даромад олишни мўлжаллаб турибди. Иссиқхонадаги гуркираб етилган экин ва ундаги ғиж-ғиж ҳосилни кўриб, ишбилармоннинг мўлжални баланд олаётгани бекорга эмаслигига ўзингиз ҳам амин бўласиз.
– Насиб бўлса бу ҳосилни камида икки ой давомида бозорга чиқарамиз, – дейди Алишер Раҳматов. – Шундан сўнг, экинни олиб ташлаб, ерга бироз дам берамиз. Сентябрнинг ўрталарига бориб эса иссиқхонага иккинчи марта кўчат ўтқазилади. Унинг ҳосили ноябрнинг ўрталарида тайёр бўлса, декабрь-январь ойлари давомида маҳсулотни бозорга олиб чиқамиз.
[gallery-11426]
Эътиборли томони ушбу фаолият ортидан 6 кишининг доимий иш билан бандлиги таъминланган. Мавсум давомида яна 50-80 нафар киши ишга жалб этилиб, қўшимча даромад топиш имконига эга бўлмоқда. Яна бир эътиборга молик жиҳати бундай ташаббуслар бошқаларни ҳам иссиқхоначилик билан шуғулланишга ундаяпти.
Мисол учун бугун Шаҳрисабз туманида кўпгина оилалар томорқаларида кичик иссиқхоналар барпо этиб, самарасини ўз фаолиятлари мисолида кўрмоқда.
Туманнинг Оқдарё маҳалласида яшовчи 76 ёшли Малоҳат Абдуллаева ҳам бундан тўрт йил аввал ўғиллари билан биргаликда ҳовлисидаги 6 сотих томорқани иссиқхонага айлантирган эди. Бугун бу иссиқхона оиланинг ҳақиқий даромад манбаига айланди.
– Иссиқхонамизда марказлашган иситиш тармоғи йўқ, – дейди онахон. – Шу боис қишки мавсумда асосий совуқлар ўтгач, февраль ойининг иккинчи ярмидан бошлаб экин экамиз. Бу вақтда иссиқхонанинг ичидаги табиий ҳарорат экиннинг ривожланиши учун етарли бўлади. Масалан, бу йил февралнинг охирларида помидор ва бодринг эккан эдик. Апрелнинг охири ва май ойининг илк кунларидан бошлаб ҳосилни бозорга чиқарамиз. Очиқ майдондаги ҳосил етилгунига қадар, биз маҳсулотни сотиб тугатамиз. Бу ҳосилни ўзимиз учун мақбул нархда сотиш ва яхши даромад олиш имконини беради.
Ҳа, ҳалол меҳнатдан қочмаган, ҳаракат қилган, изланган, интилган одам тадбиркорликнинг қайси соҳасида бўлмасин, ўз йўлини топмоқда. Янги-янги лойиҳаларни амалга оширишни уддалаяпти.
Туманнинг Хонтепа маҳалласида яшовчи Камолиддин Набиев эса ўзи таъсис этган “Фатхиддин Азизов” хусусий корхонаси тасарруфида яхна ичимликлар ишлаб чиқариш ҳамда сувни қадоқлаш фаолиятини йўлга қўйган.
– Икки йил аввал зарур технологияларни харид қилиб, яхна ичимликлар ишлаб чиқаришни бошлаган эдик, – дейди тадбиркор. – Жорий йилдан эса сувни фильтрлаб, қадоқлашни ҳам йўлга қўйдик. Бунда барча жараёнлар замонавий технологиялар ёрдамида амалга оширилади. Дастлаб сув бир неча босқичда тозаланиб, керакли ўлчамлардаги идишларга қадоқланади. Сўнг маҳсулотни ички бозорга етказиб берамиз.
Эътиборли томони тадбиркорнинг ушбу ташаббуси туфайли ҳудуддаги 12 нафар фуқаро доимий иш ўрни ва барқарор даромад манбаига эга.
Ўлмас Баротов,
Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА.