Шаҳримиз дарахтларини биргаликда асрайлик
Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар Кенгаши, шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, “Махсустранс” ДУК ташаббуси билан “Шаҳримиз дарахтларини биргаликда асрайлик” шиори остида акция ўтказилмоқда.
2-7 август кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган акцияга пойтахтимизнинг Миробод туманида старт берилди. Тадбир доирасида туманнинг “Билимдон”, “Қорасув” ва “Олтинкўл” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида мингдан ортиқ дарахт суғорилди.
Акциядан сўнг аҳолини ташвишга солаётган экологик муаммолар юзасидан Маворауннахр маҳалласида сайёр қабул ҳам ташкил қилинди. Унда 50 нафардан ортиқ фуқаро мурожаатларига мутасадди ташкилотлар мутахассислари жавоб берди.

Ҳозирги кунда дунё мамлакатларида кўплаб ўрмон ва дарахтлар турли омиллар натижасида йўқ бўлиб кетаётгани барчани ташвишга солмоқда. Жумладан, баъзи дарахтлар инсонлар томонидан хомашё сифатида кесилиб йўқ қилинса, бошқа томондан табиий омиллар сабабли ўрмонларда ёнғинлар кузатиляпти.
Тошкент шаҳрининг 20 йил аввалги фазодан олинган суратига назар солсак, шаҳримизнинг нечоғлик яшилликка бурканганлигини кўриш мумкин. Аммо минг афсуски, яшил табиатнинг аввалги кўринишини ёрқин хотиралар билан эслашга тўғри келмоқда. Бугунги кунда ҳам дарахтларнинг қаровсиз қолиши натижасида қуриб бораётганлигини кузатиш мумкин. Шу сабабли ҳам мазкур акция давомида дарахтларни мунтазам суғориб бориш нечоғлик зарурлигига аҳоли эътибори жалб қилинмоқда. Чунки аксарият дарахтлар айнан сувсизлик туфайли қуриб қолаётгани бугунги куннинг долзарб муаммосига айланиб бормоқда.

Д. Маматова, ЎзА