Шаффоф фаолиятга чақириқ давом этмоқда
Тошкент вилоятида умумий овқатланиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектларида солиқ қонунчилиги талабларига риоя этилишини таъминлаш, ҳисоб-китобларнинг шаффофлигини ошириш ҳамда норасмий бандликка барҳам беришга қаратилган назорат ва профилактика тадбирлари давом эттирилмоқда.
Вилоят солиқ органлари томонидан жорий йилнинг июнь ойида умумий овқатланиш корхоналарида 74 та сайёр солиқ текшируви ўтказилди. Уларда назорат-касса техникаларидан тўлиқ фойдаланиш, харидорларга фискал чек бериш, нақд пул тушумларини банк кассаларига тўлиқ топшириш ҳамда меҳнат муносабатларини қонунчилик талаблари асосида расмийлаштириш ҳолатлари ўрганилди.
Текширувлар натижасида назорат-касса техникаси орқали чек берилмаган ҳолатлар бўйича 3,7 миллион сўмлик, нақд пул тушуми яширилгани бўйича эса 28,4 миллион сўмлик қонунбузилишлар аниқланди. Шунингдек, 20 та ҳолатда 24 нафар ходим меҳнат шартномасини расмийлаштирилмасдан ишлаётгани маълум бўлди.

Хусусан, Қибрай туманида фаолият юритаётган “JALOL KABOBCHI” масъулияти чекланган жамиятда ўтказилган сайёр текширувда ҳам қатор камчиликлар аниқланди. Унга кўра, назорат-касса техникаси орқали чек берилмагани, нақд пул тушуми тўлиқ ҳисобга олинмагани ҳамда уч нафар ходимнинг норасмий меҳнат қилаётгани маълум бўлди.
Аниқланган қонунбузилишлар юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда таъсир чоралари қўлланилди. Шу билан бирга, тадбиркорлар билан солиқ интизомига қатъий риоя қилиш, ҳисоб-китобларни тўлиқ расмийлаштириш ва шаффоф фаолият юритиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.
Шунингдек, вилоятдаги 1 минг 169 та умумий овқатланиш жойлари масъулларига Президентимизнинг тегишли фармонида белгиланган солиқ имтиёзлари, қўшилган қиймат солиғининг бир қисмини республика бюджети ҳисобидан қайтариш механизми ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини нақд пулга харид қилишда электрон кирим ҳужжатларини расмийлаштириш тартиби юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.
Олиб борилган тарғибот ва профилактика ишлари самарасида 2026 йил 1 июль ҳолатига 161 та умумий овқатланиш корхонаси солиқ ҳисоботларига аниқлик киритиб, жами 264,2 миллион сўмлик ҳисоботларни қайта тақдим этди. Бу эса тадбиркорлик субъектларида солиқ ҳисоботларининг ишончлилигини таъминлаш ва соҳада қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
А. Мусаев, ЎзА.