Шаҳарникидан кам бўлмаган уйлар
Қишлоқларимиз қиёфасининг янгиланиб бораётгани, замонавий уйлар, янги йўллар, сув, газ ва электр тармоқлари барпо этилаётгани, умуман, инфратузилманинг ривожланиши одамларимиз онгу дунёқарашини ўзгартирмоқда, эртанги кунга ишончини мустаҳкамламоқда.
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида қишлоқлар қиёфасини тубдан ўзгартириш, қишлоқ аҳли учун шаҳарникидан қолишмайдиган шарт-шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар аҳоли турмуш даражасини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.Қишлоқларимиз қиёфасининг янгиланиб бораётгани, замонавий уйлар, янги йўллар, сув, газ ва электр тармоқлари барпо этилаётгани, умуман, инфратузилманинг ривожланиши одамларимиз онгу дунёқарашини ўзгартирмоқда, эртанги кунга ишончини мустаҳкамламоқда.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уй-жойлар халқимизнинг миллий ҳаёт тарзи, табиий иқлим шароити, шу билан бирга, замонавий муҳандислик коммуникациялари билан уйғун, баҳаво, ёруғ, кенг ҳолда барпо этилаётгани аҳолига манзур бўлаётир. Зеро, оилавий шароит ва миллий турмуш тарзимизга хос барча жиҳат эътиборга олинган кўркам уй ва кенг ҳовли яшаш учун ҳар жиҳатдан қулайдир.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, юртимизда қишлоқларни комплекс ривожлантириш, намунавий лойиҳадаги замонавий уй-жойлар бунёд этиш бўйича яхлит тизим шаклланди. Мазкур уйларни молиялаштириш, массивлар учун ер танлаш, аҳоли пунктларининг бош лойиҳаларини тузиш, қурилиш материаллари билан таъминлаш ва бошқа ташкилий-ҳуқуқий механизмлар яратилди. Масалага бундай комплекс ёндашув аҳолига кенг қулайликлар яратиш баробарида ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бу борадаги ишларни янада юқори поғонага кўтариш ва самарадорлигини оширишда мамлакатимиз молия муассасаларининг алоҳида ўрни бор. Хусусан, «Қишлоқ қурилиш банк» очиқ акциядорлик-тижорат банки бош режа асосида қишлоқлар қиёфаси ва аҳолисининг уй-жой шароити сифатини яхшилаш, қишлоқ жойларда ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, уй-жой қурилишига узоқ муддатли имтиёзли кредитлар ажратиш йўналишида самарали фаолият олиб бормоқда.
Аҳолини уй-жой билан таъминлаш бўйича яратилган бу тизим қулайликларидан юртдошларимиз мамнун. Янги уй-жойли бўлишни истаган қишлоқ аҳолиси, айниқса, ёш оилалар уй қурилишида ўз маблағи билан иштирок этмоқда. Қурилиш сарф-харажатларининг аксарият қисми банк томонидан берилаётган узоқ муддатли имтиёзли кредит ҳисобидан қопланмоқда. Энг муҳими, бу уйлар учун тўловларни бирданига эмас, балки 15 йил давомида тўлаб бориш тартиби юртдошларимиз учун катта енгилликдир.
Ушбу кредитдан фойдалангани учун жисмоний шахсларнинг иш ҳақи ва бошқа даромадларининг ипотека кредитлари ва улар бўйича ҳисобланган фоизларни қоплаш учун йўналтирилган қисми солиққа тортилмайди.
Якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкаси ҳар бир иморат солувчига 6 сотихдан ажратилиб, умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан берилади. Улар ипотека кредитлари тўлиқ қоплангунга қадар мулк солиғи тўлашдан ҳам озод қилинган бўлиб, ажратилган ипотека кредитларини қайтариш бўйича уч йиллик имтиёзга эгадир.
Янги қишлоқларни барпо этишда аҳоли учун барча зарур шароитни яратиш, одамлар ҳаётини янада фаровон қилиш асосий мезон этиб белгиланган. Шу боис, уларни муҳандислик-коммуникация тармоқлари – электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви, иссиқлик, канализация билан таъминлашга, йўллар қурилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Намунавий лойиҳалар асосида маиший, савдо, умумий овқатланиш шохобчаларини ўз ичига олган маҳалла гузарлари барпо этилаётир.
Яқинда Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги қишлоқлардан бирида никоҳ тўйи бўлиб ўтди. Яшнар ва Зулайҳо эзгу орзулар билан оила қурди.
– Намунавий лойиҳа асосида қурилган уйимизга кўчиб ўтганимизга ҳали кўп бўлгани йўқ, – дейди Зулайҳо Холиқова. – Хонадонимиз газ, электр энергияси, ичимлик суви билан таъминланган. Янги массивимизда мактаб, болалар боғчаси, тиббиёт пункти, мини-маркетлар барпо этилгани оилаларга, айниқса, уй бекаларига қулайлик туғдирмоқда. Ўзим янги қурилган 40-умумтаълим мактабида дарс бераман. Турмуш ўртоғим тадбиркорлик билан шуғулланади. Президентимиз раҳнамолигида қишлоқ аҳолисига ҳеч кимдан кам бўлмаган турмуш шароити яратиб беришдек олижаноб мақсад йўлида амалга оширилаётган ишлар самарасида турмушимиз йил сайин фаровон бўлиб бормоқда.
Бугунги кунда бундай сўзларни янги қишлоқ массивларида яйраб яшаётган ҳар бир юртдошимиздан эшитиш, ободлик ва фаровонликни ҳар бир хонадон мисолида кўриш мумкин.