Севара уч тенгдошини ишли қилмоқчи
Нукусда “Ёш тадбиркор – юртга мададкор” кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди. Унда 130 нафар йигит-қиз ўз бизнес-режаси ва тадбиркорлик ғоялари билан иштирок этди.
Нукусда “Ёш тадбиркор – юртга мададкор” кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди. Унда 130 нафар йигит-қиз ўз бизнес-режаси ва тадбиркорлик ғоялари билан иштирок этди.Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши, Марказий банк ва бошқа тижорат банклари ҳамкорлигида анъанавий ўтказиб келинаётган мазкур танлов ёшлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг бу борадаги интилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.
– Бу йил танловнинг шаҳар ва туман босқичларида 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган 3 мингдан зиёд ёш тадбиркор қатнашди, – дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси Обод Дониёров. – Улар асосан чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, балиқчиликни ривожлантириш билан бирга, сервис хизмати кўрсатиш, тикувчилик, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича ўз ғоялари, бизнес-режаларини тақдим этди.
10 нафар ёш тадбиркорнинг бизнес-режаси истиқболли, деб топилди ва танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди.
Ғолиблар орасида берунийлик Севара Эркаева ҳам бор. У Беруний педагогика коллежини тамомлаб, қандолатчилик билан шуғулланиш ниятида.
– Қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчиман, – дейди Севара. – Бу амалга ошса, уч тенгдошим иш билан таъминланади. Бизнес- режам мамлакат босқичида ҳам ғолиб деб топилса, банкдан оладиган кредитнинг фоизини “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати тўлаб беради. Биз, ёшларга бундай кенг имкониятлар яратиб бераётган Президентимиздан миннатдормиз.