Сеул: Пхеньянда 120 тача ядровий каллак бор
Жанубий Корея мудофаа вазири Ан Гю Бэк Шимолий Кореяда тахминан 80-120 дона ядровий қурол мавжудлигини тахмин қилди, деб ёзган “Yonhap” ахборот агентлиги.
Мулозим бу хабарини АҚШ Президенти Дональд Трамп Пхеньян 57 та “жуда кучли” ядровий каллакка эгалигини айтгандан кейин парламент сессиясида маълум қилди.
Дарвоқе, Америка етакчиси Шимолий Корея ядровий захираси ҳақида илк бор аниқ рақам келтирди.
– Трампнинг баёнотини инобатга олган ҳолда, Жанубий Корея ва АҚШ Шимолий Корея ядровий захираси борасида бироз фарқли фаразга эга кўринади, – дея таъкидлаган вазир.
Бу икки давлат амалдорлари камдан-кам ҳолларда оммага КХДР ядро арсенали ҳақида аниқ маълумот тақдим этади. Вашингтон ва Сеул мавжуд дастури ва захирасига қарамай, Шимолий Кореяни қонуний ядровий қурол давлати сифатида тан олмайди.
С.Раҳимов, ЎзА