Сергелидаги муаммолар — депутат эътиборида
“Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзоси Ойдин Абдуллаева пойтахтимизнинг Сергели туманидаги бир қатор маҳаллалар ва ижтимоий соҳа объектларида ўрганишлар олиб борди.
Депутат дастлаб “Учувчилар” ҳамда “Олтин водий” маҳаллаларидаги маҳалла “еттилиги” фаолияти билан яқиндан танишди. “Олтин водий” маҳалласида яшовчи фуқаро М.А. доимий равишда оила аъзолари томонидан тазйиқ ва зўравонликка учраётгани ҳақида мурожаат қилди. Депутат ушбу масалани жойида ўрганиб, назоратига олди ва оила аъзоларига ҳуқуқий тушунтириш ҳамда тавсиялар берди.

Шунингдек, мазкур маҳаллада бошқарув сервис компаниялари (БСК) ўз фаолиятини етарли даражада олиб бормаётгани ҳақида аҳоли томонидан эътирозлар билдирилди. Депутат бу муаммони жойида ҳал этиш мақсадида тегишли мутасаддилар билан боғланди.
Шунингдек, депутат Сергели туманидаги Рус маданият марказида ҳам бўлиб, унинг фаолиятини ўрганди. Барча аниқланган муаммо ва камчиликлар депутат назоратига олинди.

Халқ вакили Тошкент шаҳар Сергели тумани ҳокимиятига ташриф буюрди. Ҳокимият мутасаддилари билан туманда аниқланган муаммолар бўйича йиғилиш ўтказилди. Унда халқ депутатлари Сергели туман Кенгаши вакиллари, коммунал хўжалик, ижтимоий соҳа масъуллари билан биргаликда туманни ижтимоий ривожлантириш бўйича қарор ва фармонларда белгилаб берилган вазифаларнинг бажарилишига оид ишлар натижалари муҳокама қилинди. Шу билан бирга, маҳаллалардаги ўрганишлар давомида аниқланган муаммолар ҳам ўртага ташланди. Муаммоларнинг сабаблари ва ечимлари аниқланди. Мавжуд масалаларни ҳал этиш бўйича тавсиялар берилди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА