Сербияда жаҳон боксининг янги юлдузлари кашф этилади
Бугун 22 октябрь куни эрта тонгда 27 нафар спортчи ва мутахассислардан иборат бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Сербияда ўтадиган жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун жўнаб кетди.
Пойтахтдаги “Ислом Каримов” халқаро аэрапортида 21-жаҳон чемпионатида қатнашадиган вакилларимизни кузатиш маросимида ЎзА мухбири ҳам иштирок этиб, делегация аъзоларидан қисқа интервью олишга муваффақ бўлди.

– Белградга 13 нафар боксчи, 11 нафар мураббий ва 3 нафар мутахассисдан иборат таркиб билан йўл олмоқдамиз. Жаҳон боксидаги тарихий чемпионатда қатнашамиз. Бундай дейишимнинг сабаби, биз ушбу нуфузли мусобақага ўтган чемпионатнинг ғолиб жамоаси сифатида кириб боряпмиз. Мақсадимиз, ундан яна ғолиб бўлиб қайтиш, – дейди темар жамоа бош мураббийи Марат Қурбонов.
– Катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида илк марта иштирок этаман. Очиғи, у қадар ҳаяжонга берилганим йўқ. Насиб бўлса, чемпионатдан ёруғ юз билан қайтамиз. Вазнимда ким кучлилиги борасида ҳозирдан башорат қилмоқчи эмасман. Чемпионатда кучсиз боксчи бўлмаслиги аниқ. Барчасини ринг кўрсатади, – дейди 2018 йилги ёшлар олимпиадаси ғолиби Абдумалик Халаков.

– Куба терма жамоаси билан ўтказган машғулотларимиз Сербияда қўл келади, деб ўйлайман. Токио олимпиадасида кўзланган натижага эриша олмадим. Айрим ҳолатларда ўзим хато қилдим. Белград рингларида ҳар бир раундда устунлик учун курашаман, – дейди 2019 йилги жаҳон чемпиони Миразизбек Мирзахалилов.
– Кўз тегмасин, 13 нафар боксчимизнинг саломатлиги яхши. Режа асосида саломатлигини назорат қилиб бораман. Асосийси, жамоанинг кайфияти аъло, – дейди жамоа шифокори Комилжон Расулов.
Эслатиб ўтамиз, жаҳон чемпионатининг тантанали очилиш маросими жорий йилнинг 24 октябрь куни кечки пайти Белград шаҳридаги “Штарк Арена” мажмуасида ўтказилади.

Нуфузли мусобақанинг саралаш баҳсларига 25 октябрда старт берилади. Чемпионатнинг сўнгги финал жанглари 6 ноябрда бўлиб ўтади. 21-жаҳон чемпионатида 105 та давлатнинг 650 нафар боксчиси 13 та вазн тоифасида иштирок этиши кутилмоқда.
Мазкур жаҳон чемпионатининг умумий мукофот жамғармаси 2,6 миллион АҚШ доллари этиб белгиланган. Олтин медалга мушарраф бўлган боксчилар 100 минг АҚШ доллари, кумуш медаль соҳиблари 50 минг АҚШ доллари, бронзани қўлга киртганлар 25 минг АҚШ доллари миқдоридаги мукофот пуллари ва ғолиблар чемпионлик камарлари билан тақдирланади.
АИБА томонидан эълон қилинган руйхатга кўра, Сербиядаги жаҳон чемпионатида ҳаваскор бокс оламининг бугунги ёрқин юлдузлари кубалик жаҳон чемпионлари Энди Круз Гомес, Рониэль Иглесиас, Арлен Лопес ва Хулио Ла Крус, жаҳон чемпионати совриндори украиналик Цотне Рогава ва ҳамюртимиз, жаҳон чемпиони Миразизбек Мирзахалилов ва Шаҳобиддин Зоиров, қозоғистонлик "Токио-2020" ўйинлари бронза медали соҳиби Сакен Бибосинов, ёшлар олимпиадаси ғолиби Ойбек Оралбой, арманистонлик Оганес Бачков, Озарбайжон терма жамоаси аъзоси, асли кубалик Лорен Альфонсо, бразилиялик Абнер Тейшейра, филиппинлик Эумир Марсьял каби таниқли боксчилар қатори ҳамюртларимиз, дунё боксининг энг номдор нишони “Вэла Баркер” соҳиби Хасанбой Дўсматов, Шахрам Ғиёсовларни қатнашишини эътиборга олсак, Сербия ринги катта шов-шувлар майдони бўлиши шубҳасиз.
Жаҳон бокс “кемаси” Белградда виқорли юксалашига эришиши орқали дунё ҳаваскор боксининг янги номларини, янги чемпионларини кашф этиши шубҳасиз. Улар қаторида “Ўзбек йўлбарслари” ҳам бўлишини жуда-жуда истардик. Белградга катта орзулар билан йўл олган истеъдодли спортчиларимизга Сербия шохсупаларида зафарлар ёр бўлишини тилаб қоламиз.
Т. Рўзиев, ЎзА