Сентябрь ойида Самарқанд жаҳон шахмати марказига айланади
10 сентябрдан 28 сентябрга қадар кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқандда III Бутунжаҳон пара-шахмат олимпиадаси ва 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ўтказилади. Шунингдек, мазкур тадбирлар доирасида 20-27 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) конгресси бўлиб ўтади.
Мазкур тадбирларда қатнашиш учун Самарқандга 4 мингдан ортиқ хорижлик меҳмонлар – халқаро ташкилотлар раҳбарлари, жаҳон шахмати усталари, халқаро гроссмейстерлар ва ёш спортчилар, мураббийлар ва ҳакамлар, шахмат мухлислари келиши кутилмоқда.
Мусобақаларда эса 200 дан ортиқ давлатдан спортчилар қатнашиш истагини билдирган ва бу жаҳон шахмат олимпиадалари иштирокчилари сони бўйича рекорд кўрсаткич ҳисобланади.
46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг тантанали очилиш маросими эса Самарқанд шаҳридаги Регистон майдонида ўтказилиши унинг тарихий аҳамиятини янада оширади.
Айни пайтда Самарқандда мазкур халқаро спорт тадбирларига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Асосий баҳслар Самарқанд халқаро туризм марказида ўтказилиши кўзда тутилган ва айни пайтда бу ерда тадбирларга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича штаб фаолият кўрсатмоқда. Штабда Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) билан ҳамкорликда тегишли вазирлик ва идоралар, мутасадди ташкилотлар масъуллари томонидан меҳмонларни кутиб олиш, меҳмонхоналарга жойлаштириш, уларга транспорт ва бошқа хизматлар кўрсатиш, маданий дастурлар ва саёҳатлар уюштириш каби вазифалар мувофиқлаштириб борилмоқда.
Самарқанд халқаро аэропорти ва темирйўл вокзалида меҳмонларни кутиб олиш ва белгиланган манзилга етказиш учун ишчи гуруҳлар фаолият кўрсатади.
Меҳмонлар учун Самарқанд халқаро туризм маркази, Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси атрофи ҳамда Самарқанд шаҳрида жойлашган 38 та меҳмонхонада ўринлар тайёрланмоқда. Спортчилар ва мураббийларни мусобақа ўтказиладиган жойга олиб келиш ва яна меҳмонхоналарга етказиш учун мунтазам электробуслар қатнови йўлга қўйилади.
Мусобақалар ўтказиладиган “Ипак йўли” халқаро кўргазмалар марказида спортчилар, мураббийлар, ҳакамлар, ОАВ вакиллари ва меҳмонларни қабул қилиш учун барча техник ва логистик имкониятлар яратилмоқда.
– Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ва пара-шахмат олимпиадасида сайёрамизнинг энг кучли гроссмейстерлари, амалдаги жаҳон чемпионлари ва АҚШ, Ҳиндистон, Хитой, Германия, Грузия сингари етакчи терма жамоалари куч синашади, – дейди Самарқанд вилоят шахмат федерацияси ижрочи директори Илҳом Эргашев. – Мезбон сифатида Ўзбекистон очиқ ва аёллар баҳсларида учтадан жамоа билан иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлиб, миллий жамоамиз асосий фаворитлар қаторида эътироф этилмоқда. Терма жамоамиз таркибида вилоятимиздан пара-шахматда Илҳом Ғуломов, Амрилло Абдуллаев ва Илҳом Эргашев ҳамда олимпиада дастурида гроссмейстер Жаҳонгир Воҳидов, халқаро тоифадаги шахматчи қизлар Афруза Ҳамдамова, Гулдона Каримова, Маржона Маликова, Озода Шаҳзодова ҳамда Шоҳина Аҳмедова юртимиз шарафини ҳимоя қилади.
Ғ.Ҳасанов,
ЎзА мухбири