Сени улуғлайман она-Ватаним – Ўзбекистон!
Публицист ўйлари
Сайловдан сайловгача юртимизда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари ҳар бир киши қалбига ғурур ва ифтихор туйғуларини бахш этади.
Инсонга инсондан жоиз мурувват,
Ишқ, садоқат ила муҳтарам инсон.
Ватан бўй- бастига миллати қувват,
Пойдор сарҳадларга фарзандлар посбон.
Азим Суюн айтар фидойи жон бу!
Жаҳон ичра жаҳон Ўзбекистон бу!
Ватан таърифини ватанпарвар ва ҳароратли сўз соҳиби - туйғулари олов шоирдан ўтказиб мадҳ этиш мушкул. Дарҳақиқат жонажон юртимиз –Ўзбекистон ҳар бир инсон қалбида ғурур ва ифтихор туйғуларини жўш урдириб юборади. Ватан фарзандлари фуқаролик туйғусини ҳис этиб, садоқат билан хизмат қилишга ва уни янада юксалтиришга масъулдирлар.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга бундан беш йил аввал ўтган сайловдан бери юртимизда барча соҳалар янада тараққий этди, турли жабҳаларда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Ватанимиз кўрки, қиёфаси тубдан ўзгариб кетди.
Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятида ҳар жиҳатдан катта мавқени эгаллаган. Буни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минбаридан туриб сўзлаган оламшумул нутқларидан ҳам, Ўзбекистон Президенти ташаббусларини бутун дунёдаги йирик давлатлар қўллаб-қувватлаётганидан ҳам илғаш қийин эмас. Юртбошимиз дунёда тинчлик ҳамда барқарорликни сақлашга доир эътиборга молик ва фойдали таклифлари туфайли ҳар доим Марказий Осиё давлатлари орасида катта нуфузга эга эканини намойиш этмоқда.
Ватанни мадҳ этишни доимо хуш кўрадиган истеъдодли шоира Гулжамол Асқарова тошқин ва ёниқ туйғуларини қуйидагича ифодалайди.
Бир кун Ватан дея юксалса Руҳим!
“Халқ” десам бошимга тиғ келмасидан.
ОТА, ТУПРОҚларинг эсларми мени,
Ватан ўчирмасми... хотирасидан?!
Кейинги олти-етти йил давомида Ватанимиз иқтисодий салоҳияти ҳар қачонгидан кўра юксалди. Дарҳақиқат, Ўзбекистон иқтисодиёти тобора тез ўсиб бораётган давлатлар қаторига кирганини кўпчилик шарҳловчилар эътироф этишаётир. Юқоридаги фикримизнинг ростлигини Жаҳон банкининг 2024 йилги ҳисоботидан ҳам билиш қийин эмас. Унда қайд этилишича, юртимиз бу йил Европа ва Марказий Осиё минтақасида ялпи ички маҳсулотнинг энг юқори ўсиши кузатилаётган учта давлатнинг бири экан. Ҳатто Ўзбекистон иқтисодиёти жорий йилнинг тўққиз ойида 6,6 фоизга ўсгани ҳам фикримизнинг яққол далилидир. Бу таҳсинга лойиқ натижа!
Ватанимизнинг иқтисодий салоҳияти йил сайин барқарорлашиб, ривож топиб бораётгани яқинда Қозон шаҳрида БРИКС бирлашмаси давлатларининг саммитида ҳам алоҳида қайд этилди. Шу билан бирга Ўзбекистон халқаро савдо учун логистика марказига айланаётгани ҳам таъкидланди. Жонажон юртимиз дунёдаги ривожланган давлатлар билангина эмас, қўшни мамлакатлар билан ҳам савдо ва иқтисодий алоқаларни ҳар қачонгидан кўра яхшилагани муваффақиятлар омили бўлаётир.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ватанимизда амалга оширилаётган фаол инвестиция сиёсати ҳамда оқилона ислоҳотлар ҳисобига юртимизда барқарор иқтисодий ўсиш таъминланишига эришилаётир. Бир мисол келтира қолайлик. Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Қозоғистон савдо айланмаси ўн миллиард долларга етиши кўзда тутилгани ҳам Ватанимизнинг истиқболдаги режалари, иқтисодий алоқалар чакки эмаслигидан далолат беради.
Эй юракнинг пайғамбари, жоним Ватан,
Сенга уммат бўлмоқ олий имкондир бу,
Ахир сендек Ватан йўқдир ҳеч Ватанда,
Тангри берган менга мулки Султондир бу.
Истеъдодли шоира Зебо Мирзо Ватан қадри, унинг шон-шарафи ҳамда жаҳонда тенгсиз хилқат эканини ана шундай мадҳ этади.
Юртимизда сўнгги йилларда ижтимоий-маданий соҳаларда қўлга киритилган муваффақиятлар ҳам салмоқли бўлди. Фан, маданият, спорт, адабиёт ва санъат ривож топди. Ватанимизда давлат раҳбарининг ташаббуси билан туркий давлатлар адабиётига доир юз томлик асарлар кўп нусхада чоп этилгани ҳам қардош халқлар маданий ва адабий ҳаётида муҳим воқеа бўлди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистонда давлат раҳбари Сердар Бердимуҳамедовга Махтумқули, Тожикистонда юрт пешвоси Эмомали Раҳмонга Абдураҳмон Жомий китобини туҳфа этгани ва бошқа ўнлаб мисоллар давлат раҳбарларининг маънавиятга, китобга бўлган эътибори ҳамда қизиқиши тобора ортиб бораётганидан далолат беради.
Жонажон Ватанимиз шуҳрати бутун дунёга ёйилишига имкон яратаётган соҳалардан бири шубҳасиз спортдир. Париждаги Олимпиадада ўнлаб олтин, кумуш ва бронза медалларига сазовор бўлганлар сони жиҳатидан Марказий Осиёда етакчилик қилган Ўзбекистон довруғи олис-олисларга етди. Диёра Келдиёрова, Ҳасанбой Дўсматов, Баҳодир Жалоловлар ватанимизда спортнинг ривожига катта ҳисса қўшмоқдалар. Улар халқаро мусобақаларда ҳамиша юқори ўринларни эгаллаб, ўзбек миллати довруғи ошишига муносиб ҳисса қўшмоқдалар.
Халқим, дуоларинг ижобат доим,
Бошингдан кетмагай хуршиди иқбол.
Руҳ обод, тупроққа айланади тан,
Ватан боқий эрур, азиздир ватан.
Дарҳақиқат, ватанга меҳру муҳаббатимизни ана шундай изҳор этишимиз, унинг шону шавкатини янада кўтаришга ҳисса қўшишимиз зарур.
Ватанни севиш дегани қуруқ мадҳ этишу унинг шаънига баландпарвоз сўзларни ёғдиришдан иборат бўлмаслиги керак. Юртимизда истиқомат қилаётган ҳар бир инсон Ватан равнақига амалий ишлари билан ҳисса қўшиши, тажриба ва маҳоратини, билим ва куч-қувватини юрт тараққиёти йўлида сарф этмоғи лозим. Бугунги замондошимиз менга Ватан нима берди эмас, мен юртим ривожи йўлида нима иш қилдим, дея ҳисоб бериши даркор.
Жовли Хушбоқов,
ЎзА мухбири