Сенегал Африка миллатлар кубогининг илк финалчиси бўлди
Африка миллатлар кубоги энг қизғин паллага кирди. Мусобақанинг бош совринини қўлга киритиш учун юқори натижа қайд этган тўрт жамоа ярим финал босқичига йўл олган эди.
Куни кеча ярим финал босқичининг биринчи учрашуви ўтказилди. Унда Буркина Фасо ва Сенегал терма жамоалари ўзаро рақобатлашди.
Мазкур баҳсда Сенегал рақиблари устидан 3:1 ҳисобида зафар қучди. Сенегалликлар сафида Диалло, Гуйе ва Мане рақиб дарвозасини ишғол қилган бўлса Буркина Фасонинг ягона голига Туре муаллифлик қилди.
Шу тариқа, Сенегал Африка миллатлар кубогининг илк финалчисига айланди.
Эслатиб ўтамиз, бугун тунда ярим финал босқичида Камерун ҳамда Миср терма жамоалари финал йўлланмаси учун куч синашади.
Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА