Сенаторлар: “Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида”ги конституциявий қонунни янада такомиллаштириш зарур
Сенат ялпи мажлисида “Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида”ги конституциявий қонун кўриб чиқилди.
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси Эркин Гадоев мазкур конституциявий конун мамлакатимизда инвестициявий муҳитни янада яхшилаш, халқаро капитални жалб қилиш ҳамда замонавий молия инфратузилмасини шакллантириш учун муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.
Қонунда Тошкент халқаро молия марказининг ҳуқуқий мақоми, унинг фаолиятини тартибга солувчи асосий принциплар, бошқарув тизими, ваколатлари, шунингдек, институционал тузилмаси белгиланмоқда.
Молия маркази ҳудудида инвесторлар учун ҳуқуқий барқарорлик ва ишончли суд ҳимоясини таъминлашга қаратилган нормалар ҳам қонунда ўз аксини топган. Сенаторлар Молия маркази иштирокчилари учун яратилаётган имкониятларга алоҳида тўхталди.
Жумладан, ушбу Марказ иштирокчилари ва уларнинг ходимларига хорижий валютада ҳисоб-китоб қилиш, чет эллик мутахассисларни ишга қабул қилиш, визалар олишда соддалаштирилган махсус тартиблар белгиланиши кўзда тутилган.
Муҳокама давомида қонуннинг айрим нормаларини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар билдирилди.
Хусусан, Тошкент халқаро тижорат суди судьяларига қўйилаётган талабларни қайта кўриб чиқиш, Тошкент халқаро тижорат судининг ҳар қандай халқаро арбитражга оид ишни, маъмурий-ҳуқуқий низоларни кўриш ҳамда Конституция ва қонунларга шарҳ бериш ваколатларини аниқлаштириш каби масалаларни қайта кўриб чиқиш лозимлигига эътибор қаратилди.
Сенаторлар фикрича, мазкур таклифларни инобатга олган ҳолда ушбу қонунни янада пухта ишлаш инвесторлар ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда Тошкент халқаро молия марказининг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
[gallery-29939]
Қизғин муҳокамада конституциявий қонунни такомиллаштириш бўйича таклифлар билан Қонунчилик палатасига юбориш, сенаторлар ва Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат келишув комиссиясини тузиш ҳамда манфаатдор давлат органлари ва ташкилотлар вакилларини жалб қилган ҳолда уни қайта ишлаш мақсадга мувофиқ, деган хулосага келинди.
Н.Абдураимова, Ф.Абдурасулов (сурат), ЎзА