Сенаторлар 2026 йилги Давлат бюджетини маъқуллади (+видео)
Бугун Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Унда Сенат ва Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мажлисда жамият ҳаёти, иқтисодий ислоҳотлар, ижтимоий соҳа, қонунчиликни такомиллаштириш ҳамда парламент назоратига оид масалалар кўриб чиқилмоқда.
Ялпи мажлисни кириш сўзи билан очган Сенат Раиси Танзила Норбоева 2025 йил ўз якунига етиб бораётгани, бу йил мамлакатимизда жадал ўзгариш ва янгиланиш жараёнларига бой бўлганини таъкидлади. Ислоҳотлар марказида инсон тургани боис, асосий эътибор барча ҳудудларни ривожлантиришга қаратилмоқда. Муҳими, юртимизда реал ўзгаришлар амалда намоён бўлмоқда.
– Президентимиз ислоҳотлар юртимизнинг ҳар бир ҳудудига чуқур кириб боришига алоҳида эътибор қаратмоқда, – деди Т.Норбоева. – Доимий равишда ҳудудларга ташриф буюриб, амалга оширилаётган ўзгаришлар билан бевосита танишмоқда. Ислоҳотларнинг самарадорлигини янада ошириш бўйича масъулларга муҳим вазифаларни белгилаб бермоқда. Камбағалликни қисқартириш, инвестицияларни жалб этиш, янги иш ўринлари яратиш каби устувор йўналишлардаги амалий ҳаракатлар жадаллашиб бормоқда. Жорий йил бошидан ишсизлик 4,9 фоизга тушди. Камбағаллик 6 фоизгача камаймоқда. Жорий йилда илк бор 1 минг 435 маҳалла “камбағалликдан холи” ҳудудга айланди. Келгуси йилда камбағаллик ва ишсизлик даражасини 4,5 фоиздан камайтириш мақсад қилинган. Янги, замонавий уй-жойлар, ишлаб чиқариш қувватлари, инфратузилма иншоотлари барпо этилиб, аҳоли ва тадбиркорлар учун янада қулай шароитлар яратилмоқда.
Мажлисда асосий эътибор “2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунга қаратилди.
Ушбу масала бўйича маъруза қилган Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров макроиқтисодий кўрсаткичлар, ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суратлари ва солиқ-бюджет сиёсатидаги ўзгаришлардан келиб чиқиб, консолидациялашган бюджет даромадлари 515,8 триллион сўм, харажатлари эса 567,6 триллион сўм миқдорида белгиланганини қайд этди.
Бюджет тақчиллигини ЯИМга нисбатан 3,0 фоиз миқдордан оширмаслик режалаштирилмоқда. Давлат бюджети даромадлари 368,9 триллион сўм, харажатлари эса 402,6 триллион сўм миқдорида режалаштирилган. Келгуси йил бюджетида ҳам ижтимоий соҳа харажатлари салмоқли улушни ташкил этади. Харажатларнинг 54,7 фоиздан ортиғи ёки 220,1 триллион сўми ижтимоий соҳага йўналтирилади.
Муҳокама жараёнида сенаторлар бюджет даромадларини ошириш ва бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланишга алоҳида эътибор қаратди. 2026 йилда макроиқтисодий сиёсат соҳасида устувор этиб белгилаган вазифаларни бажариш, ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш, маҳаллалар инфратузилмасини такомиллаштириш ва давлат дастурларида назарда тутилган бошқа муҳим тадбирларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилди. Муҳокама якунида сенаторлар мазкур қонунни маъқуллади.
Ялпи мажлисда 2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларидан келиб чиқиб қатор қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш билан боғлиқ қонунлар кўриб чиқилди.
Бюджет жараёнини такомиллаштириш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш орқали бандликни ошириш, қўшилган қиймати юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга доир ўзгартиришлар киритишга оид қонунлар муҳокама қилинди. “Ҳуқуқий эксперимент тўғрисида”ги қонун ҳам кўриб чиқилди.
Ҳакамлик судлари фаолиятини такомиллаштириш, атом энергиясидан тинчлик мақсадида фойдаланиш билан боғлиқ қонунлар муҳокама марказида бўлди.
Ялпи мажлис эртага ўз ишини давом эттиради.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/YBU4De8qTQY" title="Senatorlar 2026 yilgi Davlat byudjetini maʼqulladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Норгул Абдураимова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат), Нишонбой Абдувоитов (видео), ЎзА