Сенатор муаммоларни ўрганди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Орал Атаниязова Қорақалпоғистон Республикаси Шуманай ҳамда Хўжайли туманларида бўлиб,ҳудудларда аҳолини қийнаётган муаммоларни ўрганиш, ижтимоий соҳадаги ишлар ҳолатини таҳлил қилиш ҳамда мурожаатлар ечимига кўмаклашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Жумладан, Шуманай тумани “Маданият” маҳалла фуқаролар йиғинида аҳоли билан учрашув ўтказди. Унда бандликни таъминлаш, ижтимоий ҳимоя, нафақа тайинлаш, ногиронлик гуруҳига чиқиш, имтиёзли кредит олиш ҳамда соғлиқни сақлаш билан боғлиқ масалалар асосий мурожаатларни ташкил қилди.

Мурожаатларни ўрганиш жараёнида айрим масъул ташкилотлар фаолиятидаги камчиликлар танқидий муҳокама қилинди. Жумладан, туман тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя ташкилотлари вакилларига аҳоли мурожаатларига ўз вақтида ва самарали ечим топиш борасидаги сусткашликлар юзасидан эътироз билдирилди.

Шунингдек, учрашувда Хўжайли тумани “Саришунғил” маҳалласи Насият кўчасида яшовчи фуқароларнинг мурожаати ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб, маҳалла ҳудудига сув кириб келаётгани ва бу ҳолат аҳолида хавотир уйғотаётгани билдирилган.

Сенатор мурожаат юзасидан ҳудудда бўлиб, вазиятни жойида ўрганди ва муаммонинг асосий сабаблари аниқланди. Хусусан, мазкур ҳудуддаги дренаж коллектори қарийб 10 йилдан буён ишламаётгани маълум бўлди. Шунингдек, умумийузунлиги 6 километр бўлган дренаж тармоғида сувоқими тўсилиб, каналларда сув тўпланибқолаётгани қайд этилди.
Шу жиҳатдан, канал ҳудудида дамба қуриш, 6 километрлик дренаж коллекторини тўлиқ таъмирлаш ва тозалаш ишларини амалга ошириш вазифалари белгиланди. Шу билан бирга, маҳаллада янги уйлар ва хонадонлар сони ортиб бораётгани инобатга олиниб, аҳоли учун қўшимча йўл инфратузилмасини яратиш зарурлиги таъкидланди.
Сенатор томонидан барча муаммоларни қисқа муддатларда ҳал этиш, аҳоли мурожаатларига ўз вақтида муносабат билдириш ва амалий натижага эришиш юзасидан мутасаддиларга вазифалар юклатилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.