Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси қачон бўлиши маълум қилинди
Олий Мажлис Сенати кенгашининг навбатдаги мажлисида ўн еттинчи ялпи мажлисни чақириш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Ялпи мажлис кун тартибига мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, давлат бошқаруви, қурилиш, техник жиҳатдан тартибга солиш, ёнғин хавфсизлиги, фармацевтика, ижтимоий ҳимоя, рақамли технологиялар, халқаро ҳамкорлик ҳамда қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган қатор муҳим масалалар киритилган.
“Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида” ва «Рақамли технологиялар халқаро маркази тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунлари, “Ижтимоий иш тўғрисида”ги қонун шулар жумласидандир.
Ялпи мажлисда болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, техник жиҳатдан тартибга солиш, қурилиш соҳасида давлат назорати, ёнғин хавфсизлиги, давлат фуқаролик хизмати, фармацевтика соҳаси ҳамда бошқа қатор йўналишларга оид қонунлар ҳам муҳокама қилинади.
Сенаторлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг устувор халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрни яхшиланиши тўғрисидаги миллий маъруза эшитилади.
Бундан ташқари, бошқарув сервис компаниялари ва уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари кўриб чиқилади.
Кенгаш қарорига мувофиқ, Сенатнинг ўн еттинчи ялпи мажлиси 2026 йил 9 июль куни ўтказилади.
Н.Абдураимова, ЎзА