Сенатда “Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида”ги конституциявий қонун маъқулланди
Маълумки, “Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида”ги конституциявий қонун Сенатнинг 16-ялпи мажлисида муҳокама қилиниб, такомиллаштириш бўйича таклифлар билан бирга Қонунчилик палатасига юборилган эди.
Сенаторлар ва депутатлардан иборат келишув комиссияси манфаатдор давлат органлари ва ташкилотлар вакилларини жалб қилган ҳолда қонунни қайта ишлаб чиқди.
Мазкур қонун Сенатнинг ялпи мажлисида муҳокама қилинди.

Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси Эркин Гадоев мазкур қонун мамлакатимизда инвестициявий муҳитни янада яхшилаш, халқаро капитални жалб қилиш ҳамда замонавий молия инфратузилмасини шакллантиришга қаратилганини таъкидлади.
Конститутциявий қонунда Тошкент халқаро молия марказининг алоҳида ҳудуд сифатидаги мақоми, фаолиятининг асосий принциплари белгиланган.
Шу билан бирга, Молия маркази ҳудудида халқаро инвесторлар учун молиявий барқарорликни таъминлашга қаратилган нормалар ҳам қонунга киритилмоқда.
Молиявий хизматлар бошқармаси молиявий хизматлар ва қўшимча хизматлар кўрсатиш бўйича фаолиятнинг лицензияланиши, тартибга солиниши, назорат қилиниши ва мажбурлов чоралари қўлланилиши учун масъул этиб белгиланмоқда. Тошкент халқаро тижорат суди эса ўз юрисдикциясига кирувчи низоларни суд тартибида ҳал этиш ва суд маъмуриятчилиги бўйича мутлақ ваколатларга эга бўлади.
Сенат аъзолари таъкидлаганидек, мазкур қонун капитал бозорини ривожлантириш, инвестиция оқимини кенгайтириш учун муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Молия маркази иштирокчилари учун яратилаётган имкониятларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Жумладан, чет эллик мутахассисларни меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқнома олмасдан ишга қабул қилиш ҳамда Молия марказининг шахси ҳисобланган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар кириш визасини беш йилгача бўлган муддатга олиши мумкинлиги назарда тутилмоқда.
Сенаторлар қонунни маъқуллади.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат),
ЎзА