Сенатда масъуллардан халқимиз кутаётган масалалар ечими сўралди (+видео)
Тошкент шаҳрида Олий Мажлис Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда Сенат ва Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ялпи мажлис – бу Сенатнинг ҳар ойда бир марта ўтказиладиган катта йиғини. Бу нафақат қонунларни муҳокама қилиш, маъқуллаш, балки халқимиз ҳаётига оид масалалар кўриб чиқиладиган, зарур бўлганда, Ҳукуматдан тортиб вазирларгача ва бошқа мансабдорларга парламент сўрови юбориладиган, шу билан бирга, уларнинг қилаётган ишлари ҳақида ҳисоботлари эшитиладиган муҳим мажлис.
Шу жиҳатдан ялпи мажлис нафақат парламент вакиллари, балки барчамизга бирдек дахлдордир.
Мажлисни кириш сўзи билан очган Сенат Раиси Танзила Норбоева давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган очиқ, прагматик ва миллий манфаатларга асосланган ташқи сиёсат туфайли мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ўрни ва нуфузи тобора мустаҳкамланаётганини таъкидлади.
Амалга оширилаётган барча ислоҳотлар марказида инсон қадри, халқ манфаати ва мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиётига хизмат қилувчи стратегик мақсадлар тургани қайд этилди.
– Мамлакатимизда иқтисодий тараққиёт билан бир қаторда инсон қадрини улуғлаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишидир, - деди Т.Норбоева. – Яқинда Қурбон ҳайити муносабати билан ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган ҳамда турли хасталикларга чалинган минглаб юртдошларимизга кенг кўламли хайрия ва саховат тадбирлари орқали амалий ёрдам кўрсатилди. Айниқса, бемор болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган фарзандларимизга кўрсатилган ғамхўрлик халқимизга хос меҳр-мурувват, бағрикенглик ва инсонпарварлик фазилатларининг яна бир ёрқин ифодасидир.
Ялпи мажлисда суд ҳокимияти, аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш, коррупцияга қарши курашиш, ов қилиш ва овчилик хўжаликлари фаолиятини янада такомиллаштиришга оид қонунлар маъқулланди.
Судга оид маъқулланган иккита қонундан бирида судларнинг давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўлиқ ва мустақил равишда фаолият юритишини таъминлаш кўзда тутилган бўлса, яна бирида суд ишларини ҳал этишга аралашганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди.
Шовқин билан боғлиқ қонунда шовқиннинг зарарли таъсири учун компенсация тўловларини жорий этиш назарда тутилган. Овчилик билан боғлиқ қонунда эса соҳада ягона ва шаффоф ҳуқуқий механизм яратиш, назоратни кучайтириш кўзда тутилган.
Коррупцияга оид қонунда пора билан боғлиқ жиноят учун ҳукм қилинган шахслар муддатидан илгари озод қилиниши тақиқланиши белгиланган.
Ялпи мажлисда жойлардаги муаммоли масалаларни Сенат ялпи мажлиси минбарига олиб чиқиб, уларни масъул вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ҳал этишга қаратилган амалиёт изчил давом эттирилаётганига эътибор қаратилди.
– Хусусан, ўтган йили кўтарилган 11 та ва жорий йилда кўтарилган 2 та муаммоли масала кўриб чиқилиб, уларни ижобий ҳал этиш мақсадида тегишли чоралар амалга оширилди, - деди Сенат Раиси. – Маълумот учун, 2025 - 2026 йилларда кўтарилган жами 13 муаммоли масаланинг 6 таси ҳал этилди. Қолган масалалар юзасидан ҳам тегишли ишлар давом этмоқда. Бу каби масалалар ечими ортида кўплаб инсонларнинг манфаати ва ҳудудларни ривожлантириш мақсади мужассам. Шу нуқтаи назардан мазкур амалиётни янада фаоллаштириш зарур.
Ялпи мажлисларда кўтарилган айрим масалалар ҳануз ўз ечимини кутаётгани айтиб ўтилди. Уларни ижобий ҳал етиш, тез фурсатда якунига етказиш маъсулларга эслатиб ўтилди.
Зеро, халқ вакиллари – сенаторлар кўтараётган долзарб масалалар ечими халқимиз манфаатлари самарали таъминланиши демак.
Ялпи мажлисда ипакчиликни ривожлантириш, пилла етиштириш ва қайта ишлаш самарадорлигини ошириш, озуқа базасини яхшилаш ҳамда экспорт салоҳиятини кенгайтириш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юборилди.
Сенаторлар Марказий банкнинг 2025 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини эшитиш асносида банкларда киберхавфсизликни таъминлаш, молиявий хизматларда фирибгарликка қарши курашиш зарурлигини таъкидлади. Мажлисда Олий суд таркибига ўзгартириш киритилди.
Шу билан Сенатнинг ялпи мажлиси якунига етди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/XjXxmdiu6p4" title=" Senatda mas’ullardan xalqimiz kutayotganmasalalar echimi so`raldi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Норгул Абдураимова,
Фарҳод Абдурасулов (сурат),
Дониёр Ёқубов (видео),
Улуғбек Тўхтаев (монтаж), ЎзА