Сенатда бир гуруҳ юртдошларимизга давлат мукофотлари топширилди
Олий Мажлис Сенатида Президентимизнинг тегишли фармонларига мувофиқ, мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан тақдирланган бир гуруҳ юртдошларимизга давлат мукофотларини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Давлат мукофотларини Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева топширди.
Мукофотланганлар орасида давлат хизматчилари, олимлар, педагоглар, шифокорлар, спортчилар, маданият ва санъат ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, ҳарбий хизматчилар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари бор.

Тадбирда сўзга чиққанлар давлат мукофотлари нафақат юртимиз тараққиётига қўшилган муносиб ҳиссанинг юксак эътирофи, балки ҳар бир соҳада сидқидилдан меҳнат қилаётган юртдошларимизни янги марралар сари руҳлантирувчи муҳим рағбат эканини таъкидлади.
Айниқса, мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида бундай юксак эътирофнинг аҳамияти янада ортиб, Ватан равнақи ва халқ фаровонлиги йўлидаги фидокорона меҳнатнинг қадрланаётганини кўрсатади.

Тақдирланганлар Президентимизнинг юксак ишончи ва эътибори учун самимий миннатдорлик билдириб, ушбу мукофотларни ўз меҳнатларига берилган катта баҳо сифатида қабул қилишларини таъкидлади. Бундан буён ҳам ўз касбига садоқат билан ёндашиб, Янги Ўзбекистон тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги йўлида муносиб ҳисса қўшишларини билдирди.
Н.Абдураимова,
ЎзА