Сенат ялпи мажлиси ўз ишини бошлади
ОНЛАЙН
Бугун – 7 октябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ўттиз учинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Унда сенаторлар, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этмоқда. Жойларда фаолият юритаётган сенаторлар ва масъул шахслар мажлисда онлайн иштирок этмоқда.
Сенат раиси Танзила Норбоева бошқараётган мажлис кун тартибига 11 масала киритилган. Шундан 6 таси қонун бўлиб, улар орасида «Стандартлаштириш тўғрисида», «Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида»ги қонунлар бор.
Айрим қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилади. Бу «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида», «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида», «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига пенсия тайинлаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонунлар асосида амалга оширилади.
Мажлисда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишларни ўрганиш натижалари кўриб чиқилади.
Фарғона вилояти ҳокимининг инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги ҳисоботи эшитилади.
Иқтисодиётнинг ишлаб чиқариш соҳаларида маҳаллийлаштириш дастурларининг ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама этилади.
Оролбўйи минтақасида экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда замонавий инновацион технологияларни кенг татбиқ қилиш бўйича белгиланган вазифаларнинг ижро этилиши ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари таҳлил қилинади.
Сенат ялпи мажлисида кўриб чиқиладиган барча масалалар ҳақида ЎзА расмий сайти ва ижтимоий тармоқлардаги орқали саҳифалари орқали таништириб борамиз.
Норгул Абдураимова, ЎзА