Сенат ялпи мажлиси ўз ишини бошлади
Бугун – 2022 йил 13 июнь Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма еттинчи ялпи мажлиси бошланди.
Сенат раиси Танзила Норбоева бошқараётган мажлис видеоконференц-алоқа шаклида бўлиб ўтмоқда.
Ялпи мажлисни Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри кузатиш имкони яратилган.
Мажлис кун тартибига бешта қонун ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раисини сайлаш тўғрисидаги масала киритилган.
Кўриладиган масалалар ичида «Давлат мулкини бошқариш тўғрисида», «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги янги қонунлар бор.
Бундан ташқари, «Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида», «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қонунлар кўриб чиқилади.
ЎзА