Сенат Раиси: Парламент мақсадни қонунга, сиёсий иродани бюджетга, жамият талабларини давлат сиёсатига айлантиради
Самарқандда Ёш парламент аъзоларининг XII глобал конференцияси давом этмоқда.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида ўтказилаётган мазкур нуфузли анжуман Парламентлараро иттифоқ (ПИ) ҳамда Ўзбекистон Сенати ҳамкорлигида ташкил этилди.
Глобал конференциянинг иккинчи иш куни «Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда парламентлар иштирокини кучайтириш» мавзусидаги махсус очиқ сессия бўлиб ўтмоқда.
Сессияни кириш сўзи билан очган Ўзбекистон Сенати Раиси Танзила Норбоева Самарқанд асрлар давомида турли халқлар, маданиятлар ва ғояларни бирлаштирган, ўзаро мулоқот ва ҳамжиҳатликка чорлаган маскан бўлиб келганини алоҳида таъкидлади.

– Бугун бу замин дунё ёш парламентарийларини умумий мақсад – инсон учун муносиб ҳаёт ва барқарор келажак барпо этиш йўлида бирлаштирди, - деди Т.Норбоева. – Махсус сессиянинг глобал конференция доирасида ўтказилаётгани чуқур рамзий маънога эга. Чунки 2030 йилгача бўлган кун тартибининг натижалари, энг аввало, ёшлар ва келажак авлодлар тақдирида намоён бўлади. Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) қабул қилинганидан буён муайян натижаларга эришилди. БМТнинг сўнгги ҳисоботига кўра, етарли маълумот мавжуд бўлган 139 вазифанинг атиги 36 фоизида ижобий силжиш кузатилмоқда. 15 фоизида эса ортга кетиш қайд этилган. Бу рақамлар бизга бир ҳақиқатни кўрсатмоқда: эзгу мақсадларни эълон қилишнинг ўзи етарли эмас. Уларни амалга ошириш учун сиёсий ирода, мустаҳкам қонунчилик, етарли ресурс, таъсирчан назорат ва жамиятнинг фаол иштироки зарур. Айнан шу нуқтада парламентларнинг ўрни ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Парламент глобал мақсадларни миллий қонунларга, сиёсий иродани бюджет қарорларига, жамиятнинг талаб ва интилишларини эса давлат сиёсатига айлантиради.
Ўзбекистонда БРМ давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланган. Президент Шавкат Мирзиёев илгари сурган «Инсон қадри учун» тамойили мамлакатимиздаги барча ислоҳотларнинг бош мезонига айланди. «Ўзбекистон - 2030» стратегиясида БРМнинг асосий вазифа ва индикаторлари ўз ифодасини топган.
БРМни амалга оширишда парламентнинг вазифаси қонун қабул қилиш билан чекланмайди. Шу мақсадда Олий Мажлис ҳузурида махсус Парламент комиссияси фаолият юритмоқда ва миллий мақсадлар ижросини тармоқлар, ҳудудлар кесимида таҳлил қилиб бормоқда. Ҳукуматнинг бу борадаги фаолияти устидан парламент назорати ўрнатилган.

Ўзбекистонда БРМ ягона тизимга – стратегия, қонун, бюджет, парламент назорати ва аниқ натижа занжирига бирлаштирилган. Бу жараёнда Ўзбекистон Ёшлар парламентининг муносиб ўрни бор. Улар ёшларнинг таклифларини умумлаштириш ва уларни парламент муҳокамаларига олиб чиқишда иштирок этмоқда.
ПИ билан ҳамкорликда мамлакатимизда БРМни амалга оширишда парламентларнинг ролига бағишланган иккита Глобал парламент форуми ўтказилди. Бугунги тадбир ушбу мулоқотнинг мантиқий давомидир. 2025 йил Тошкентда ўтказилган ПИнинг юбилей – 150-Ассамблеясида Тошкент декларацияси қабул қилинди.

Мамлакатимиз ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан иккита тарихий резолюция қабул қилинди. Ушбу резолюциялар бугун дунё парламентлари учун муҳим сиёсий ва амалий йўналиш бўлиб хизмат қилмоқда.
Т.Норбоева ўз чиқишида тўртта устувор вазифани илгари сурди. Жумладан. БРМни миллий стратегиялар, давлат дастурлари, қонунчилик ва бюджет жараёнларига тўлиқ интеграция қилиш, уларнинг ижросини тармоқлар ва ҳудудлар кесимида мунтазам таҳлил қилиб, Ҳукумат фаолияти устидан таъсирчан парламент назоратини таъминлаш, ёш парламентарийларни муаммони ўрганишдан тортиб, қонун ва бюджет қарорларини қабул қилишгача бўлган барча жараёнларга тизимли жалб этиш, қабул қилинган халқаро ҳужжатларни миллий амалиётга татбиқ этиш, илғор тажрибаларни ПИ доирасида мунтазам алмашиб бориш зарур.
Норгул Абдураимова,
Алишер Исроилов (сурат),
ЎзА