Сенат қўмитасида туризмни ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишларга эътибор қаратилди
Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда Андижон вилояти ҳокимлигининг Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида вилоятда туризмни ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар ҳолати тўғрисидаги ахбороти тингланди.
Андижон вилоятида туризм соҳасида мавжуд инфратузилмани ривожлантириш, соҳага хорижий инвестицияларни жалб қилиш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва сайёҳлар оқимини кўпайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Туризмни жадал ривожлантириш бўйича тизимли ёндашувларни амалга ошириш, маданий мерос объектлари ва туризм масканларида сайёҳлар учун қулай ва замонавий шарт-шароитларни яратиш юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Сенаторлар томонидан туризм соҳасида хорижий мамлакатлар билан ҳамкорликни фаоллаштириш, халқаро туризм кўргазмалари ва фестивалларда вилоятнинг туристик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди.
Шу билан бирга, вилоятда ягона ҳудудий брендни шакллантириш, комплекс турпакетларни жорий этиш, инвестиция лойиҳаларини самарали амалга ошириш ҳамда замонавий туристик хизматлар турларини кенгайтириш бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Мажлис якунида қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА